130 йилдан сўнг: ноёб лола дунё ботаниклари наздида
Табиат ботаника илми учун улкан аҳамиятга эга кашфиётни дунё билан баҳам кўрмоқда. Қарийб 130 йил давомида йўқолиб кетган, деб ҳисобланган нодир лола тури Туркиянинг Амасия вилоятида яна гуллади.
Илмий адабиётда “йўқолган турк лоласи” дея аталадиган ушбу ўсимликнинг топилиши олимлар томонидан аср кашфиёти сифатида баҳоланмоқда.
Бу гул 1892 йил немис боғбони Мюлендорф томонидан Амасия атрофидан йиғиб олинган ва Европага олиб кетилган. Кейинчалик ботаника оламида “Tulipa sprengeri” номи билан танилган. Мазкур ўсимликнинг табиатдаги сўнгги қайди 1896 йилга тўғри келади. Шундан сўнг бу тур ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамади ва Онадўлида табиий кўпайиши жараёни тўхтаган, деб ҳисобланди.
Бир асрдан кўп вақт ўтиб эса сирли гул кутилмаган тарзда табиатда яна пайдо бўлди.
Бўш вақтида табиат бағрида сайр қилишни севадиган, гуллар, ёввойи буталарга қизиқадиган амасиялик Эржон Эфтили ўғли навбатдаги саёҳати давомида диққатини тортадиган қизил гулни кўриб қолди. Илгари ўзи кўрган манбалардаги расмларни эслаб, бу ўсимлик оддий лола эмаслигини сезди ва гулни суратга олиб, мутахассисларга юборди.
Суратлар Истанбулдаги Ботаника боғи мутахассислари қўлига етиб боргач, улар бу ҳақда мамлакатнинг етакчи олимларидан бири профессор Исмоил Экерга хабар беришди. Олимлар Амасияга келиб, ўсимлик топилган ҳудудда текширув ўтказдилар. Тадқиқот натижасида топилма ҳақиқатан 130 йилдан буён учрамаётган “Tulipa sprengeri” экани тасдиқланди.
Бу янгилик ботаника жамоатчилигини чуқур ҳаяжонга солди. Зеро, мазкур нав анча йилдан буён изланаётган эди. Туркиялик ва хориждан келган жуда кўп олим, тадқиқотчи ва табиатшунос саёҳатчилар шу йўлда Амасия тоғлари бўйлаб тадқиқот ўтказган. Афсуски, шу пайтгача натижага эришилмаган.
Профессор Исмоил Экер таъкидлашича, айни топилма нафақат Туркия, балки жаҳон ботаникаси учун ҳам беқиёс аҳамиятга эга.
– Биз бу тур табиатдан бутунлай йўқолганига ишониб қолган эдик, – дейди олим. – Энди эса турк қизил лоласи ҳамон яшаб келаётганини кўриб турибмиз. Бу жуда қувонарли ҳолат. Эндиги вазифамиз ўсимликни муҳофаза қилиш ва келажак авлод учун сақлаб қолишдан иборат.
Мутахассислар айтишича, ташқи кўриниши билан ҳам ажралиб турадиган “Tulipa sprengeri” бошқа лолаларга нисбатан кечроқ гуллайди, баландроқ ўсади ва ёрқин қизил рангда очилади. Ўзига хос шакли, қизғиш ипчалари ботаникларга бошқа турлардан осон ажратиш имконини беради.
Ҳозирча ўсимлик топилган жойнинг аниқ манзили ошкор қилинмаяпти. Олимлар бу қарорни нодир турни ташқи таъсирдан ҳимоя қилиш учун, дея изоҳлаган. Ҳудуд махсус назорат остига олинган бўлиб, келгусида муҳофаза чораси янада кучайтирилади.
Ботаника боғи директори Солиҳ Сержон Кан ўғли кашфиётнинг ҳақиқий эгаси Эржон Эфтели ўғли эканини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, ўтган йиллар давомида жуда кўп одам шу ҳудуддан ўтган, фақат Эржонгина ноёб гулни илғай олган.
– Бу ҳақиқатан ўша йўқолган лоланинг ўзи, – дейди Кан ўғли. Ўсимликни топган инсон муносиб эътирофга лойиқ. Агар Эржон бей эътибор бермаганида, эҳтимол, яна кўп йиллар номаълумлигича қолиб кетарди.
Дарвоқе, Туркияда “Йўқолган лола – ғурбатдан Ватанга қайтиш” лойиҳаси доирасида ушбу турни қайта тиклаш бўйича иш аввалроқ бошланган. Илгари Англиядан олиб келинган намуна ва уруғлар асосида кўпайтирилган минглаб кўчат мамлакатнинг турли ҳудудларига экилган. Энди эса табиатда сақланиб қолган асл нав топилиши бу жараёнга янги суръат бағишлаши шубҳасиз.
130 йилдан кейин қайта кашф этилган “йўқолган турк лоласи” табиатнинг очилмаган сири бисёрлигини яна бир бор исботлади. Бир қарашда оддий кўринган бу гул бугун нафақат Туркия, балки жаҳон ботаника меросининг ноёб бойлиги сифатида эътироф этилмоқда.
Нодира Кайимова, ЎзА
Туркия