13 мингдан ортиқ ўқувчига мактаб формаси ва ўқув қуроллари совға қилинди
Янги ўқув йили арафасида юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли ташаббуслар амалга оширилмоқда. Шу доирада республика бўйлаб 13 мингдан ортиқ ўқувчига мактаб формаси, ўқув қуроллари ва байрам совғалари етказиб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматининг маълум қилишича, Масжидлар билан ишлаш бўлими ташаббуси билан мамлакатдаги 2 минг 161 та масжид ходимлари иштирокида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига амалий ёрдам кўрсатилган. Жами 11 минг 144 нафар ўқувчига мактаб формаси ва зарур ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Ушбу хайрия тадбирларига йўналтирилган маблағнинг умумий қиймати 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этган.
Хайрли ишлар «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам давом эттирилди. Фонд ташаббуси билан яна 1 минг 500 нафар етим ва чин етим болага байрам совғалари, мактаб формаси ҳамда ўқув қуроллари топширилди. Ҳудудлар кесимида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилган. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар, Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчига турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилди.
Бундай эзгу ташаббуслар нафақат болаларни янги ўқув йилига зарур жиҳозлар билан таъминлаш, балки уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бир боланинг таълимига қилинган сармоя — унинг келажагига қўйилган муҳим қадам.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА