12 ёшли стол теннисчимиз Англияда халқаро машғулотда қатнашмоқда
Англиянинг Шеффилд шаҳрида Халқаро стол тенниси федерацияси (ITTF) ва Table Tennis England ҳамкорлигида ўтказилаётган “ITTF World Hopes Week & Challenge 2026” халқаро ҳафталик тадбирларида дунёнинг энг истеъдодли кичик ракетка усталари қаторида ёш спортчимиз иштирок этмоқда.
Ёш спортчиларнинг маҳоратини ошириш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва йирик мусобақаларга тайёргарлик кўришлари учун муҳим имконият яратадиган мазкур халқаро машғулотда 12 ёшли стол теннисчимиз Эъзоза Хўрозова ҳамда унинг мураббийи Ойбек Бобожонов дунёнинг турли мамлакатларидан сараланган истиқболли ёш спортчилар билан бирга ўз маҳоратини оширмоқда.
Иқтидорли ёш стол теннисчиларнинг рейтинг кўрсаткичларини белгилаш, спорт маҳоратини ривожлантириш ва халқаро тажрибасини оширишга қаратилган ҳафталик дастурга мувофиқ, 12 ёшли стол теннисчилар 12-16 октябрь кунлари интенсив амалий ва назарий машғулотларда қатнашади.
Машғулот жараёнлари ва саралаш босқичларидан сўнг 17-18 октябрь кунлари “ITTF World Hopes Week & Challenge 2026” тизимидаги мусобақаларда ўз омадларини синовдан ўтказади.
Т.Рўзиев,
ЎзА