“10 минг қадам” лойиҳасида ЎзА жамоаси фаол
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний фаолликни ошириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга қаратилган “10 минг қадам” лойиҳаси янгиланган шаклда қайта йўлга қўйилди. Мазкур ташаббус давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланаётгани ҳамда кенг жамоатчиликни қамраб олиши билан аҳамиятли.
Аввалги йилларда ҳам амалга оширилган ушбу лойиҳа аҳоли ўртасида катта қизиқиш уйғотган эди. Эндиликда эса унинг мазмун-моҳияти замонавий талаблар асосида янада бойитилди. Жумладан, фуқаролар кунлик жисмоний фаоллигини назорат қилиш, юрилган қадамлар сонини ҳисоблаш ва натижаларни мониторинг қилиш имконини берувчи махсус электрон платформа жорий этилмоқда.

Янгиланган тизим орқали иштирокчиларни рўйхатга олиш, уларнинг фаоллигини баҳолаш ва турли рағбатлантириш механизмларини қўллаш назарда тутилган. Бу эса лойиҳанинг нафақат оммавийлигини, балки самарадорлигини ҳам оширишга хизмат қилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар куни камида 10 минг қадам юриш инсон саломатлиги учун жуда фойдали бўлиб, юрак-қон томир касалликлари, ортиқча вазн ҳамда бошқа қатор хасталикларнинг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади. Шу жиҳатдан мазкур ташаббус аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тизимининг ажралмас қисми сифатида қаралмоқда.

Лойиҳа доирасида ҳудудларда оммавий юриш акциялари, флешмоблар ва спорт тадбирларини ташкил этиш, кенг жамоатчилик, айниқса ёшларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи ахборот-тарғибот ишлари янада кучайтирилмоқда.

Ушбу лойиҳани оммалаштириш ва ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, агентлик ходимлари тушликдан сўнг жамоавий тарзда 10 минг қадам юришни йўлга қўйган. Шунингдек, ҳафта давомида икки маротаба футбол машғулотларида мунтазам қатнашиш орқали жисмоний фаолликни оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Мазкур ташаббус инсон саломатлигини асраш, соғлом ва фаол жамиятни шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА