1 октябрдан Тошкентда жамоат транспорти тарифи 2500 сўмга оширилиши таклиф этилмоқда
Тошкентда жамоат транспортида электрон тўлов орқали бир марталик қатнов ҳақини 1700 сўмдан 2500 сўмга ошириш таклиф этилмоқда. Бироқ якуний қарор ҳали қабул қилинмаган. Муҳокамаларда тариф ўзгариши билан бирга транспорт сифати, қатновлар мунтазамлиги ва йўловчиларга кўрсатиладиган хизмат даражасига қўйиладиган талаблар ҳам кучайтирилиши кераклиги таъкидланмоқда.
Транспорт вазирлиги мазкур лойиҳа юзасидан тушунтириш бериб, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан жамоат транспортида йўл ҳақи тарифларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклиф жамоатчилик муҳокамасига қўйилганини маълум қилди.
Лойиҳага кўра, 1 октябрдан қуйидаги тарифларни жорий этиш таклиф қилинмоқда: автобус ёки метрода бир марталик қатнов учун электрон тўлов — 1700 сўм ўрнига 2500 сўм, нақд пулда тўлов — 3000 сўм миқдорида сақлаб қолинади. Багаж ташиш ҳақи — 4000 сўм этиб белгиланади. Барча тарифлар қўшилган қиймат солиғини инобатга олган ҳолда кўрсатилган.
Шунингдек, лойиҳада доимий йўловчилар учун янги абонементлар жорий этиш ҳамда жамоат транспортининг бир туридан бошқасига ўтиш учун алоҳида алмашиш тарифларини белгилаш назарда тутилган.
Бугун пойтахт жамоат транспорти ҳар куни қарийб 2,5 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Тошкент шаҳрининг кенгайиши, янги турар жой массивларининг барпо этилиши ва аҳоли сонининг ортиши жамоат транспортига бўлган талабни ҳам йил сайин оширмоқда.
Сўнгги йилларда пойтахтда жамоат транспорт тизимини ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Метрополитен тармоғи кенгайтирилиб, ер усти йўловчи ташиш йўналишлари билан интеграция қилинди. Транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳаракат таркиби қарийб икки баробарга кенгайди. Автобуслар сони 1900 тага яқинлашди. Натижада уларнинг ўртача қатнов оралиғи 30 дақиқадан 15 дақиқагача қисқарди. Йўналишлар тармоғи эса янги турар жой массивлари ва пойтахтга туташ ҳудудларни қамраб олиш ҳисобига кенгайиб бормоқда.
Тариф ошса, хизмат сифати ҳам ошиши керак. Бироқ транспорт воситаларини харид қилишнинг ўзи етарли эмас. Уларнинг ҳар куни белгиланган йўналишга чиқиши, техник жиҳатдан соз ҳолда сақланиши ва йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиши учун мунтазам харажатлар талаб этилади.
Бу харажатлар ҳайдовчилар ва техник ходимларнинг иш ҳақи, ёқилғи ва электр энергияси, эҳтиёт қисмлар ва шиналар, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, деполар ҳамда қувватлантириш инфратузилмасини сақлаш, салонларни тозалаш, диспетчерлик, навигация ва электрон тўлов тизимларининг ишлашини қамраб олади.
Айни пайтда амалдаги тариф ушбу харажатларнинг фақат бир қисмини қопламоқда. Ташувларни молиялаштиришда асосий юк эса давлат бюджети зиммасида қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, тарифнинг эҳтимолий ўзгариши ташувчилар зиммасига қўйиладиган аниқ ва ўлчанадиган талаблар билан биргаликда кўриб чиқилиши муҳим.
Хусусан, қатновларнинг мунтазамлиги, белгиланган интервалларга риоя этилиши, транспорт воситаларининг техник ҳолати ва тозалиги, йўловчилар хавфсизлиги, хизмат кўрсатиш маданияти ҳамда йўналишлар тармоғини янада кенгайтириш каби мезонлар устувор аҳамият касб этади. Муҳими, тарифларни ўзгартириш бўйича лойиҳа ҳозирча таклиф босқичида. Якуний қарор қабул қилинмаган.
Фуқаролар 19 сентябрга қадар лойиҳа билан танишиб, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали орқали ўз таклиф ва мулоҳазаларини юборишлари мумкин. Келиб тушган фикр ва таклифлар якуний қарорни тайёрлаш жараёнида кўриб чиқилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА