1 апрелдан Ўзбекистонда айрим тўловлар нақдсиз шаклга ўтади (+видео)
2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда айрим турдаги тўловларни фақат нақдсиз шаклда амалга ошириш тартиби жорий этилади. Мазкур ўзгаришлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун медиа мулоқот ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк, Солиқ қўмитаси ҳамда Адлия вазирлиги ҳамкорлигида Президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги "Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида ўтказилди.
Медиа мулоқотда 2026 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги тартиблар, айрим турдаги тўловларни босқичма-босқич нақд пулсиз шаклга ўтказиш, иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш ҳамда нақд пул айланмасини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, тадбир давомида нақдсиз ҳисоб-китобларнинг афзалликлари, йирик битимларда банк орқали тўловларни амалга ошириш тартиби, фуқаролар ва тадбиркорлар учун яратилаётган қулайликлар, янги тартибнинг солиқ маъмурчилиги ва иқтисодий шаффофликка таъсири каби муҳим масалалар юзасидан мутасадди идоралар вакиллари томонидан тушунтиришлар берилди.
[gallery-28398]
Матбуот анжуманида қайд этилишича, нақдсиз тўловлар республикада айланадиган 28 мингта товарлар савдосига таъсир қилади. Бундай тўловлар республикадаги умумий товарлар савдосининг 7 фоизини қамраб олади. Нақд пулсиз тўлов натижасида банкларда триллионлаб маблағ айланиши айтилди. Нақд пулсиз тўлов қийинчилик эмас, балки қулайлик яратиш мақсадида қилинмоқда.
–Автомобилларга ёнилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчаларида нақд пулсиз тўлов қилишда муаммо бўлмаслиги учун шароит яратилади. Нақд пулсиз тўловга ўтилиши фуқаролар учун тушунарли ва қулай бўлади, – деди Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев. – Бунинг натижасида тўлов тарихи шаклланади, аҳоли ва бизнеснинг далил базаси яратилади.
Матбуот анжуманида сўз олган иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров нақдсиз тўловлар ортидан банкларда пул айланиши кўпайишини маълум қилди.
–Ҳар 100 та машина сотилиши банк тизимига ўртача 20 миллиард сўм пул киритилишини англатади, – дейди иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров. – Бу кўрсаткич йиллик ҳисобда 60 триллион сўмга етиши мумкин. Нақд пулсиз тўлов натижасида банкларда триллионлаб маблағ айланади.
Шу билан биргаликда, уй-жой ва автомобиль сотувида нақдсиз битимларда нарх қандай белгиланишига давлат органлари аралашмаслиги ва назорат қилмаслиги айтилди. Қонунчиликдан келиб чиқиб, Эскроу ҳисобварақлар орқали уй-жой ва автомобиль олди-сотдиси фақат миллий валютада ўтказилиши қўшимча қилинди.
–Нақдсиз тўловлар республикада айланадиган 28 мингта товарлар савдосига таъсир қилади. Бундай тўловлар республикадаги умумий товарлар савдосининг 7 фоизини қамраб олади, – дейди Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев. – Шундан 27 мингтаси алкоголь маҳсулотлари, 561 таси кўчмас мулк, 5 мингтаси 25 миллион сўмдан қиммат сотиладиган товарлар.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан айрим товар ва хизматлар учун тўловлар фақат нақдсиз шаклда амалга оширилади. Жумладан, кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни тасдиқлашнинг янги тартиби жорий этилди. Бунинг учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумот алмашиш тизими йўлга қўйилди ҳамда тегишли низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Янги тартибга кўра, харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади. Шартнома бўйича келишилган маблағ банк томонидан Эскроу ҳисобварағига киритилади.
Агар шартнома тўловни кечиктириш шарти билан тузилган бўлса, Эскроу ҳисобварағига бошланғич маблағ киритилади. Шартнома кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилганда, кредит ажратаётган банк нотариусга электрон хабар юборади.
Шунингдек, банк картаси талаб қилиб олингунча ҳисобварағи, электрон ҳамён, эскроу ҳисобварағи сифатида фойдаланилиши мумкин. Нотариус Эскроу ҳисобварағида маблағ мавжудлигини электрон тарзда текшириб, шартномани тасдиқлайди. Шартнома тасдиқланганидан кейин пул маблағлари сотувчи ҳисобварағига ўтказилади ёки унинг сўровига кўра нақд шаклда берилади.
Қандай тўловлар нақдсиз амалга оширилади?
2026 йил 1 апрелдан давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви учун тўловлар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари нақдсиз шаклда амалга оширилади. Транспорт воситаларига ёқилғи қуйиш ва зарядлаш хизматлари, 25 миллион сўмдан ошган товар ва хизматлар (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари), кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган транспорт воситалари нақдсиз шаклда амалга оширилади.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 январга қадар савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахсларда ягона QR-код жорий этилади. 2026 йил 1 июлдан барча савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларида QR-код орқали тўлов қабул қилиш мажбурий бўлади. Ягона QR-коддан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузиш деб баҳоланади.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, Президент фармонига кўра, 2030 йилгача яширин иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш, нақдсиз тўловлар улушини 75 фоизга, расмий бандлик улушини 64 фоизга етказиш, халқаро рейтингларда Ўзбекистон ўрнини камида 30 поғонага яхшилаш режалаштирилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур янгиликлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қулайлик яратиб, молиявий муносабатларни янада шаффоф ва замонавий шаклда ривожлантиришга хизмат қилади.
Медиа мулоқот давомида журналистлар ва блогерларнинг саволларига мутасадди идоралар вакиллари томонидан батафсил жавоб берилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/r2ySvo2HVLU?si=asA6xw9orQJpcXRG" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА