Ўқитувчи ва мураббийлар шарафланди
Наманганда Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами ҳар галгидан ўзгача нишонланди.
Наманганда Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами ҳар галгидан ўзгача нишонланди.
Бу сафар азиз устозлар вилоят театри ёки бошқа бирор маросимлар мажмуасида эмас, балки бугун вилоятнинг маданий туризм марказига айланиб улгурган “Афсоналар водийси” паркида жам бўлди.
Маросим аввалида вилоят ҳокими Х.Бозоров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
– Жаҳонда ягона касб байрамининг умумхалқ байрами сифатида мамлакатимизда кенг нишонланиб келинаётгани давлат, миллат ҳамда жамият келажагини белгиловчи ёш авлодни комил инсонлар қилиб тарбияловчи, энг улуғ касб эгалари бўлмиш ўқитувчи ва мураббийларга ҳукумат даражасида берилаётган юксак эътибор натижасидир, – деди вилоят ҳокими. – Бу давлатимиз раҳбарининг байрам табригида ўзининг ёрқин ифодасини топди. Шунингдек, Президентимиз томонидан шу йил 23 август куни мамлакатимиз тарихида илк бор ўқитувчи ва мураббийлар учун махсус видеоселектор йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда ўқитувчи ва мураббийлар мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишидан озод этилиб, иш ҳақлари сезиларли даражада оширилгани таълим-тарбия тизимини мутлақо янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди. Кейинги йилларда 6 фармон, 21 ҳукумат қарори қабул қилингани, халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилганига тарихий воқеа сифатида юксак баҳо берилди.
Бундай юксак эътибор вилоят ўқитувчиларини ўз устида янада кўпроқ изланиш ва юқори натижаларга эришишга ундамоқда. Бу улар эришаётган ютуқларда ҳам яққол ифодасини топмоқда. Жумладан, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловида 14 фан бўйича Наманган вилоятидан 8 ўқитувчи фахрли ўринларни эгаллади. Бундан ташқари, таълим сифати ва ўқув жараёни самарадорлиги юзасидан ўтказилган миллий баҳолаш рейтингида Наманган вилояти халқ таълими тизими республикада 1-ўринни эгаллади.
Маросимда сўзга чиққан таниқли шоир Зиёвуддин Мансур устоз ва мураббийларнинг машаққатли ва шарафли касби, мамлакатимизда маърифатпарварликка қаратилаётган юксак эътиборнинг аҳамияти ҳақида гапирди.
Шундан сўнг байрам арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш борасидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун давлат мукофоти билан тақдирланган бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийларга орден ва медаллар топширилди.
– Президентимиз томонидан камтарона меҳнатларим юксак эътироф этилиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганим машаққатли касб билан боғлиқ бир умрлик чарчоқларимни ёзиб юборди, – дейди Наманган шаҳридаги 77-умумтаълим мактабининг география фани ўқитувчиси И.Дадамирзаева. – Умримнинг қарийб қирқ йили синфхоналарда ўтган бўлса, ҳозир мен ўзимни яна шунча ишлашга қодирдек ҳис қилаяпман, бу меҳнатим шуҳрат билан рағбат топганидан, албатта.
Шунингдек, соҳада хизмат кўрсатган кўплаб касб фидойилари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо эсдалик совғаси билан тақдирланди. Вилоят мактабгача таълим бошқармасининг барча туман бўлимларига “Спарк” автомобиллари совға қилинди.
Оқшомгача сайил сифатида давом этган байрам тадбири вилоят санъаткорлари, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева, таниқли сўз устаси Зокир Очилдиевларнинг концерт дастури билан янада файзли бўлди.


