Зимбабведа кема ҳалокати: қурбонлар бор
Зимбабвенинг Кариба кўлида паром чўкиб кетиши оқибатида камида 46 киши ҳалок бўлди. Қишлоқ аҳолиси ва балиқ савдогарлари учун муҳим қатнов воситаси бўлган кема тўлқинли сувда ағдарилиб кетган. Паром 90 кишига мўлжалланган бўлса-да, ҳалокат вақтида унда 114 нафар йўловчи, беш нафар экипаж аъзоси ва бир нечта ёш болалар бўлган.
Ҳалокатдан омон қолган 45 ёшли Чанс Сиямавху воқеани эслар экан, энг яқин дўсти ва етти нафар қариндошини йўқотганини айтди. Унинг сўзларига кўра, кучли тўлқин кемани ағдариб юборган ва у бошқалар билан бирга кеманинг устига чиқиб олишга муваффақ бўлган. Кучли шамол туфайли двигателлар сувга тўлиб, ишдан чиққан. Фақат битта двигатель ишлашда давом этган.
Мамлакат Фуқаролик муҳофазаси хизмати маълумотига кўра, воқеа пайти 77 киши қутқарилган. Яна бир қанча йўловчининг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда. Кариба шаҳридаги хотира маросимида 44 та тобут қўйилди. Полиция ҳалок бўлганларнинг аниқ исмлари кейинроқ эълон қилинишини маълум қилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА