Жерард Депарденинг ўзбекча орзуси
Бош қаҳрамон фильм давомида ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва Ўзбекистоннинг бой тарихий ҳамда маданий меросини кўриб, қанчалар ҳайратланганини ифода этади.
Франциянинг “Paris Première” телеканалида «Mon rêve ouzbek» (Менинг ўзбекча орзуим) номли ҳужжатли фильми бугун эфирга узатилади. Унда Ўзбекистоннинг 5 та шаҳри - Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва Нукус акс этган.
Уни Ўзбекистоннинг ижобий имиджини тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси «B-Tween» Франция кинокомпанияси билан ҳамкорликда ўтган йили ноябрь ойида тасвирга олинган эди. Ушбу ҳужжатли фильмда бош ролни машҳур француз актёри Жерард Депарде ижро этган.
Бош қаҳрамон фильм давомида ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва Ўзбекистоннинг бой тарихий ҳамда маданий меросини кўриб, қанчалар ҳайратланганини ифода этади.
Киноижодкорлар мамлакатимизга фильмни тасвирга олишдан олдинги ташриф буюрган эди. Ўша вақтда актёр «Ўзбекистон азалдан олимлар ва буюк мутафаккирларни дунёга келтирган замин. Осиёнинг қоқ юрагида жойлашган бу мамлакат ўзидан ташқаридаги мамлакатларнинг маданиятидан кўплаб маданий анъаналарни тўплади ва шу билан бирга ўз тажрибасини ташқи оламга етказди», дея фикр билдирган эди.
Қайд этиш керакки, Франциядаги машҳур каналда таниқли француз актёри иштирокидаги мамлакатимиз ҳақида яратилган ушбу ҳужжатли фильмнинг намойиши этилиши француз ҳамда бутун Европа жамоатчилигини ўзбек халқининг маданий-тарихий мероси ва анъаналари билан таништиришга яқиндан ёрдам беради.


Шерзод Султанов,
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бош мутахассиси