ЖАМИЯТ – ИСЛОҲОТЛАР ТАШАББУСКОРИ
Сиёсатшунос Азизбек Мақсудов билан суҳбатимиз Жамоатчилик палатаси зиммасидаги вазифаларга бағишланди.
Муносабат
Президентимиз томонидан халқаро ва маҳаллий экспертлар тарихий ҳужжат дея эътироф этаётган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармон имзоланди. Албатта, ушбу институтнинг ташкил этилиши мамлакатимизнинг янада барқарор тараққий этишига хизмат қилади.
Сиёсатшунос Азизбек Мақсудов билан суҳбатимиз Жамоатчилик палатаси зиммасидаги вазифаларга бағишланди.
— Айтинг-чи, ушбу фармоннинг қабул қилинишидан, асосан, қандай мақсад кўзда тутилган ва унга нима туртки бўлди, деб ҳисоблайсиз?
— Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланган кундан мамлакатимизда барча соҳа ва тизимларда “Янги Ўзбекистонни буюк ва меҳнатсевар халқимиз билан биргаликда барпо этамиз” тамойили асосида мутлақо янги муҳит яратила бошланди. Яъни инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари юксак қадрият сифатида тан олинадиган Янги Ўзбекистонни яратиш борасида мисли кўрилмаган ислоҳотларга киришилди. Мазкур ислоҳотларни ўзаро боғлаб турувчи асосий ғоялар сирасига эса “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” каби янги ғоялар ҳам киради.
Сир эмаски, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун, энг аввало, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришдек устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мамлакатимиз ҳаётида биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Президентининг парламентга мурожаатномаси институти жорий этилди.
Унда “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий тамойилни ҳаётга татбиқ этиш, халқ билан тизимли мулоқотни ўрнатиш, фуқаролар дардини тинглаш ва ҳал этиш каби масалаларга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналари хусусида ҳам ана шундай фикр билдириш мумкин. Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилиши билан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш имкони яратилганини таъкидлаш жоиз.
Халқ қабулхоналари орқали ҳар йили 1 миллиондан зиёд аҳолининг дарди, ташвиш-муаммоларига ечим топилаётганини қайд қилиш лозим. Масалан, 2019 йили 880 мингдан ортиқ мурожаатнинг 510 мингдан зиёди ижобий ҳал этилгани ҳам “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойилининг нақадар ҳаётий эканини тасдиқлаб турибди.
Умуман, кўплаб вазирлик ва идораларни айланиб ўтиб, фуқароларнинг шикоят ва таклифларини тўғридан-тўғри қабул қиладиган ва Президентга етказадиган ушбу тизимнинг яратилиши халқдан узоқлашиб қолган айрим раҳбарларни ўз фаолиятини қайта кўриб чиқишга, халқнинг турмуш шароити билан қизиқишга, керак бўлса, қарорлар қабул қилишда улар билан ҳисоблашишга, юқоридаги тамойил асосида иш юритишга мажбур қилди, десам муболаға бўлмайди.
Натижада иқтисодиёт соҳасида ижтимоий йўналтирилган ҳақиқий бозор муносабатларини жорий этиш, тадбиркорлик, хусусий мулк ривожига кенг йўл очиб бериш масалаларига биринчи даражали аҳамият берилмоқда. Янги иш ўринлари яратиш, замонавий уй-жойлар, йўл ва кўприклар, болалар боғчалари, мактаблар ва олий ўқув юртлари, шифохоналар, маданият ва санъат, спорт масканларини барпо этиш, бир сўз билан айтганда, халқимизнинг ҳаёти обод ва фаровон бўлишига эришиш, уни рози қилиш барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддиларнинг фаолият мезонига айланмоқда.
Иккинчи томондан, Халқ қабулхоналарига, жумладан, иқтисодиёт, молия, соғлиқни сақлаш, ички ишлар органлари, суд-ҳуқуқ масалалари, коммунал хўжалиги ҳамда қурилиш соҳаларини тубдан янгилаш, шунингдек, тадбиркорлик, хусусий мулк ривожига кенг йўл очиб бериш бўйича минглаб таклиф ва ташаббуслар келиб тушди. Уларни ўрганиш ва таҳлил қилиш натижалари эса ўз ечимини йиллар давомида кутиб турган бир қатор муҳим соҳаларда туб ўзгариш ва ислоҳотлар ўтказишни талаб этди. Бу жараён халқимизнинг том маънода ислоҳотлар ташаббускорига айланиб бораётганини кўрсатди.
Энди Президент томонидан имзоланган янги фармоннинг туб мақсадига тўхталсак. Бунда, энг аввало, қуйидаги тўртта устувор йўналиш белгиланганини кўриш мумкин:
— “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни амалда рўёбга чиқариш, аҳолининг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини янада кенгайтириш;
— БМТ томонидан белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш;
— фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро ҳамкорлигини ўрнатиш;
— давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш.
— Яна бир бор таъкидлайман, биз қураётган Янги Ўзбекистоннинг муҳим жиҳати — бу аҳолини, фуқаролик жамияти институтларини мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш жараёнларига фаол жалб қилиш, яъни жамиятни юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг реал ташаббускорига айлантиришдир.
Хорижий тажрибанинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бу каби ташкилотлар дунёнинг бир қатор ривожланган демократик давлатларида тузилган. Ҳар бир давлат бундай тузилмаларни ташкил этишда унинг ўзига хос хусусиятларидан, давлат ҳокимияти ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро муносабатлари ва шароитларидан келиб чиқади.
Фикримча, ушбу тузилманинг айнан Президент ҳузурида ташкил этилишига бир неча асослар бор.
Биринчи. Жамоатчилик палатаси фаолиятига давлат органлари томонидан бўлиши мумкин бўлган тўсиқларни бартараф этиш. Бу, айниқса, Жамоатчилик палатаси барча соҳаларда жамоатчилик назоратининг яхлит ва самарали тизимини шакллантириш, жамоатчилик назоратининг “жамоатчилик муҳокамаси”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик мониторинги” каби замонавий шаклларини амалиётга татбиқ этишда яқиндан шуғулланиши нуқтаи назардан муҳимдир.
Иккинчи. Палата олдига қўйилган кенг қамровли масалаларнинг самарали ва муваффақиятли амалга оширилишини таъминлаш. Чунки Жамоатчилик палатаси бажариши лозим бўлган вазифалар доираси, алоҳида олинган ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти ваколатларидан ташқарига чиқишини инобатга олишимиз лозим. Унинг фаолияти жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳалари, барқарор ривожлантириш, Конституция ва қонунларнинг устуворлиги тамойилларини таъминлаш ва ҳоказо масалаларни қамраб олади.
Учинчи. Жамоатчилик палатасини ташкил қилиш орқали адолатли фуқаролик жамияти шакланишининг муҳим элементи бўлган вертикал ва горизонтал “жамоатчилик бошқаруви”нинг яхлит тизимини яратиш. Бунда республика миқёсидаги Жамоатчилик палатаси Президент ҳузурида ташкил этилаётган бўлса-да, ҳудудий жамоатчилик палаталари ҳудудий давлат идораларидан мустақил тузилма бўлади.
Жамоатчилик палатаси ҳар бир давлат органидаги, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги жамоатчилик назорати бўйича кенгашлар фаолиятини кучайтириш, услубий ва бошқа ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ижтимоий шериклик институтини янада такомиллаштириш билан шуғулланади.
Бунда шундай тартиб белгиланмоқдаки, Жамоатчилик палатаси ва минтақавий жамоат палаталари жамоат кенгашлари таркибини белгилашда иштирок этади, давлат ҳокимияти органлари эса ўзларининг фаолиятини улар билан яқин ҳамкорликда, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг мустақиллиги ва уларнинг фаолиятига аралашмаслик тамойилларига риоя қилган ҳолда амалга оширадилар.
— Бугунги янгиланиш ва ўзгаришлар биздан муаммоли масалаларни, соддароқ айтганда, халқ дарди ва муаммоларини тезкор ечишни талаб этмоқда. Ўзбекистонда бу борада ҳам самарали тизим яратилгани боис, Жаҳон банкининг ўтган йилги “Давлат бошқаруви индикатори”да мамлакатимиз 5 та кўрсаткич бўйича ўз ўрнини яхшилаб олди.
Аммо ҳали ечимини кутаётган масалалар кўп экани ҳеч кимга сир эмас. Бугун фуқаролар, айниқса, ёшларнинг ижобий ўзгаришларга бўлган талаби ортиб бормоқда. Бу эса мамлакат тараққиётини белгиловчи янги-янги ғояларни илгари суришни тақозо этмоқда.
Гарчи, Бош қонунимизда жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилиши каби қатор меъёрлар белгилаб қўйилган бўлса-да, лекин уларнинг барчаси ҳам ҳаётга татбиқ этиляпти, дея оламизми?
Ҳаёт ҳақиқати кўрсатяптики, қонунлар халқ ичидан чиқиб, жамиятнинг ўзи ташаббус кўрсатса, давлат институтлари эса халқ назоратида бўлса, адолатли ва ҳуқуқий демократик давлат барпо этилади.
Мана бир мисол. Кейинги йилларда 4 мингга яқин қонун ҳужжати лойиҳаси муҳокамасида кенг жамоатчиликдан 17 мингдан зиёдтаклиф ва ташаббус келиб тушди. Улар асосида мингдан ортиқ ҳужжат қайта ишланганининг ўзиёқ “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” ғояси ислоҳотларнинг ажралмас бўлагига айланганини кўрсатиб турибди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, бу “жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан” маслаҳатлашиш зарурияти, “жамоатчилик маъқул деса — маъқул, номаъқул деса — номаъқул бўлади”, деган тамойил ҳаётга жорий этилаётганини ҳам кўрсатади.
— Бунга, энг аввало, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги фаол иштироки орқалигина эришиш мумкин.
Бунинг учун, биринчидан, давлат, фуқаролар, ННТ ва ОАВнинг мамлакатни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий шаклдаги самарали мулоқот майдони мавжуд бўлиши зарур.
Иккинчидан, муҳим масалаларга доир қарорлар қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш механизмларини яратиш талаб этилади.
Учинчидан, демократик ёки фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа тузилмаларнинг самарали фаолияти учун янги тизим бўлиши шарт. Ривожланган давлатларда булар “тўртинчи ҳокимият”, “учинчи сектор” каби атамалар билан номланади. Улар аҳолининг ҳаётий муаммоларига давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асослантирилган таклифларини бериб борадилар.
Бир мисол. Айни пайтда юртимизда 10 мингдан зиёд ННТ фаолият юритмоқда. Лекин, очиғи, уларнинг жамият ҳаётига таъсири сезилмаяпти. Ваҳоланки, улар аҳолининг муайян бир қатлами манфаатларини ифодалаши ва ҳимоя қилиши, улар билан давлат ўртасида кўприк вазифасини ўташи керак. Аксарият ННТлар фаолияти расмиятчиликдан иборат, холос.
Шу боис, Жамоатчилик палатасининг ташкил этилиши айнан ана шундай самарали ва натижадор тизимни яратишга хизмат қилади.
— Аввало, Жамоатчилик палатасининг ташкил этилиши бугун яратилаётган, ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаган, эркин ва фаровон, дунё учун очиқ ва қудратли Янги Ўзбекистон тарихига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишига аминман. Рухсатингиз билан фикримни асослаб берсам.
Ривожланган мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратайлик. Бугунги кунда 70 дан зиёд мамлакатда жамоатчилик палаталари самарали фаолият юритмоқда. Масалан, Францияда Иқтисодий, ижтимоий ва экологик кенгаш бўлиб, унинг аъзолари турли соҳа экспертлари, нодавлат ташкилотлар вакиллари, олимлар, сиёсат, фан ва маданият арбоблари, эколог ва журналистлардир.
Россиядаги Жамоатчилик палатаси эса жамият ва давлат ўртасида ўзига хос кўприк ва муҳокама майдони вазифасини бажармоқда. У мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий суверенитетини, халқаро муносабатларда мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишда “халқ дипломатияси” институти имкониятларидан фойдаланиш, “жамият — давлат — инсон” муносабатларида инсон манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоялашга кўмаклашувчи асосий воситага айланган.
Бундай мисолларни Германия, Венгрия, Финляндия, Жанубий Корея ва Япония каби ривожланган мамлакатлар тажрибасидан ҳам келтириш мумкин. Жамоатчилик палаталарининг тавсиялари одамлар фикрларини жамлаш, йўналтириш ва ифодалаш орқали парламент, ҳукумат ҳамда давлат раҳбари томонидан қабул қилинадиган қарорларга бевосита таъсир кўрсата олади.
Хорижий тажриба кўрсатмоқдаки, бирор-бир қонун Жамоатчилик палатасидаги “нолинчи ўқиш”, жамоатчилик муҳокамасисиз қабул қилинмайди. Энг муҳими, ушбу тузилма, биринчидан, “фуқароларнинг давлат органлари билан муносабатлари, ҳақ-ҳуқуқларини самарали ҳимоялашда яккаланиб қолмасликларига”, иккинчидан, “қабул қилинаётган қарорлар аҳоли манфаатларига қатъий мос келиши”, учинчидан, “қонун устуворлиги тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, давлат ташкилотлари, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари устидан кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва “пировардида мамлакатни демократия йўлидан барқарор илгарилаб бориши”га хизмат қилмоқда. Жамоатчилик палатаси ҳудудлардаги тузилмалари биргаликда, яъни ҳамоҳанг ҳаракат қилади.
Биздаги Жамоатчилик палатаси ҳам Президент ҳузуридаги доимий фаолият юритувчи маслаҳат кенгаши сифатида тузилмоқда.
— Суҳбатимиз аввалида таъкидланганидек, бир қатор салбий ҳолатлар узоқ йиллар давомида барқарор ривожланишимизга тўсиқ бўлиб келдики, уларни кенг жамоатчилик иштирокисиз, аҳолида фаол ва кучли фуқаролик позициясини шакллантирмай туриб бартараф этиб бўлмайди.
Шулардан келиб чиқиб, Жамоатчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:
Биринчи. Давлат, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий шаклдаги тизимли мулоқотини йўлга қўйиш.
Иккинчи. Аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, жойларда ва соҳаларда аҳолини, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш. Шунингдек, улар ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва ҳукуматга тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритиб бориш.
Учинчи. Жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш, “жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик мониторинги” каби таъсирчан замонавий назорат шаклларини амалиётга жорий этиш.
Тўртинчи. Фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражаси, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқиш. Бундан мақсад — ушбу кўрсаткичлар асосида фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тайёрлаш ва кенг жамоатчиликни бундан хабардор этиш.
Бешинчи. Маълумки, адолатли фуқаролик жамиятини сўз ва ахборот эркинлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам фуқaрoлaр, ННТ вa ОАВ вoситaлaри вaкиллaри, блогерларни ОАВдa сўз эркинлиги, фуқaрoлaрнинг axбoрoт олиш ва тaрқaтиш ҳуқуқини aмaлгa oшириш, ахборот эркинлиги кaфoлaтлaрини тaъминлaш бўйича муҳoкaмaларга фаол жaлб этиш ҳамда уларнинг мазкур масалаларга оид амалий таклифларини ишлаб чиқиш.
Олтинчи. “Халқ дипломатияси” институтини ривожлантириш, жумладан, мамлакат ташқи сиёсатининг нуфузли халқаро рейтинглардаги ўрнини кўтаришда фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда хориждаги ватандошлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, ННТларга халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш.
Еттинчи. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ва самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳамда мазкур масала бўйича жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш ва бошқалар Жамоатчилик палатасининг устувор вазифаси бўлади. Ўйлайманки, вазифалар жуда тўғри қўйилган.
— Ушбу институтлар кучли жамоатчилик назоратининг самарали воситаларидан ҳисобланади. Айтинг-чи, бугун мамлакатимизнинг барқарор ривожига, асосан, қандай иллатлар тўсқинлик қилмоқда? Бу, шубҳасиз, коррупция.
Коррупция ҳар йили жаҳон иқтисодиётига ўртача 2,6 триллион доллар миқдорида зарар келтиряпти. Ўзбекистонда ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, қатор муҳим соҳаларда коррупция мавжудлигини кўряпмиз.
Айрим ижтимоий соҳаларда сарф қилинаётган харажатларнинг 25-30 фоизи самарасиз сарфланаётгани аниқланган. Экспертлар давлат харидларини амалга ошириш тизими ҳалигача очиқ-ошкора эмаслигини таъкидламоқда.
Шу боис, Президентимиз томонидан олий таълим ва қурилиш тизимини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш борасида концептуал фикрлар ўртага ташлангани бежиз эмас. Зеро, ушбу тизимлардаги саъй-ҳаракатлар барча соҳа ва тизимларда ҳам коррупцияга қарши курашишга асос бўлади.
Бас, шундай экан, Президентимизнинг “Замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши кераклиги”, “мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини келгусида 50-60 фоизга етказиш” борасидаги кўрсатмалари нақадар долзарб эканини доимо эътироф этишимиз лозим.
Энди бир саволга жавоб берайлик. Қани айтинг-чи, қайси бир давлат кенг жамоатчилик иштирокисиз ва жамоатчилик назоратини йўлга қўймасдан бу борада бирор натижага эришган?
Шу маънода, қабул қилинаётган қонунлар ва давлат ҳамда ҳудудий дастурларнинг жамоат экспертизасидан ўтказилиши, улар ижроси устидан жамоатчилик мониторингини ўрнатиш ўта муҳим аҳамиятга молик бўлиб қолмоқда.
Хабарингиз бор, ўтган йилнинг ўзида ННТлар томонидан сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қабул қилинган давлат дастурларининг ижроси юзасидан 700 дан ортиқ жамоатчилик мониторинги амалга оширилди. Натижалар бўйича эса давлат вакиллик органлари томонидан жамоатчилик эшитувлари ташкил этилиб, бу бўйича тегишли қарорлар ҳам қабул қилинди.
Яна бир муҳим масала — ҳаётимизга очиқлик, ошкоралик тамойилларини янада кенгроқ ва чуқурроқ киритиш бугунги замон талабидир. Бу борада ҳам ОАВ, блогерлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Масалан, ким биринчи бўлиб муҳожирлар муаммосини кўтарди, “снос” масаласи, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби нозик муаммоларга давлат органлари ва жамоатчилик эътиборини қаратди!? Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.
Шу ўринда яна Президентимиз Мурожаатномасига қайтсак. Унда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор етарли даромад манбаига эга бўлмаган аҳоли қатлами мавжудлиги ва “камбағалликни камайтириш” масаласининг долзарблигига эътибор қаратилди. Бу ерда 4-5 миллион фуқаронинг тақдири ҳақида гап кетмоқда. Шу маънода, Жамоатчилик палатаси ҳам бу борада ташаббус ва таклифлари билан чиқиши кутилмоқда.
— Авваламбор, Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлишини таъкидлаш жоиз. У учта босқичда шаклланади.
Биринчи — Жамоатчилик палатасининг биринчи қисми — 18 нафар аъзоси Президент томонидан тайинланади. Уларнинг номзодлари давлат ва жамият ривожи, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, илм-фан, спорт, маданият, иқтисодиёт ривожи, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга катта ҳисса қўшган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган фуқаролар, ННТ ва ОАВ вакиллари орасидан танлаб олинади.
Иккинчи — Жамоатчилик палатасининг иккинчи қисми — 18 нафар аъзоси республика миқёсида фаолият кўрсатаётган ННТ, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари тақдим этган номзодлар орасидан танлов асосида Жамоатчилик палатаси қарорига асосан палата аъзолигига қабул қилинади.
Учинчи — Жамоатчилик палатасининг учинчи қисми — қолган 14 нафар аъзоси — ҳудудий жамоатчилик палаталари вакиллари бўлиб, улар лавозими бўйича ҳудудий жамоатчилик палаталари раислари ҳисобланади.
Улар жойларда тузилаётган, ҳар бири жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан ташкил топадиган ҳудудий жамоатчилик палаталарининг шаклланиши жараёнида аниқланади.
Бир пайтнинг ўзида ҳудудий жамоатчилик палаталари таркибининг ўзи жойларда ўтказиладиган жамоатчилик форумларида тавсия этилган ҳудудларда фаолият юритаётган ННТ, илмий доиралар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакилларидан шакллантирилади.
Жамоатчилик палатаси аъзоларининг ваколат муддати 3 йил бўлиб, ушбу ваколатлар, жамоатчилик палатасининг шаклланиши механизми, фаолият юритиш муддатлари ҳам Франция, Россия ва Жанубий Корея каби мамлакатлар тажрибасига мос келади.
Фармонда Жамоатчилик палатаси фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида бу масалага қуйидагича ёндашилган:
биринчидан, парламент палаталари, ҳудудий вакиллик органларида Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари томонидан жамоатчилик учун долзарб бўлган масалалар юзасидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлил натижаларини ҳар чоракда кўриб чиқиш амалиёти жорий этилиши;
иккинчидан, Жамоатчилик палатаси ҳар йили Президент ва Олий Мажлис палаталарига фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тақдим этиши;
учинчидан, Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзолари ҳар бир давлат органининг очиқ ҳайъат мажлисида, шунингдек, Олий Мажлис палаталари мажлисларида, “Ҳукумат соати”да, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) кенгашлари мажлисларида иштирок этиши;
тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифлар, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим ва долзарб масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Жамоатчилик палатасига кўриб чиқиш учун юбориши;
бешинчидан, Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг қарорлари давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа тузилмалар учун тавсиявий хусусиятга эгалиги;
олтинчидан, Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари давлат органлари ва ташкилотларига Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқига эгалиги ва бунда давлат органлари ва ташкилотлари сўровга жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозимлиги;
еттинчидан, Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари ҳар бир давлат органи, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари таркибларини шакллантиришда иштирок этиши белгилаб қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, Жамоатчилик палатаси Янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этиш, кўзланган буюк марраларни биргаликда эгаллашга хизмат қилади.
Н.АҲМЕДОВА суҳбатлашди.