Ўзгараётган Каттақўрғон
Одамларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – инсонийликнинг энг олий мезонидир.
Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!
Одамларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – инсонийликнинг энг олий мезонидир.
Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак. Ислоҳотлардан мақсад, аввало, инсон манфаатига қаратилиши лозим.
Бу фикрлар кейинги йилларда нафақат тилимизда кўп такрорланмоқда, балки давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида мустаҳкам ғояга айланди, унинг амалий ифодаси ҳаётимизда намоён бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллик байрамидаги маърузасида яна бир фикр илгари сурилди: Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди.
Бу фикр ҳам амалга оширилаётган халқпарвар, адолатли ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналиши сифатида қабул қилинди.
Бугун шаҳар ва қишлоқларимизда бўлган ёки ўз ҳаёти, турмушига бир қур назар солган юртдошимиз Президентимизнинг бу ғоялари амалий аҳамият касб этаётганини кўради. Каттақўрғон туманига навбатдаги ижодий сафаримиз чоғида бунга яна бир бор амин бўлдик.
Яна бир бор, дейишимизнинг боиси шу йилнинг май ойида мазкур туманда бўлиб, пандемия шароитида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш, қурилиш-бунёдкорлик борасидаги ишлар билан танишган, одамлар билан суҳбатлашиб, уларнинг ислоҳотларга хайрихоҳлигини кўрган эдик. Ўшанда туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов коронавирус пандемияси яқин 3-4 йилга мўлжалланган режаларни тезроқ бажаришни тақозо этганини таъкидлаб, туман иқтисодиётини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган режалар ҳақида гапириб берганди.
Орадан тўрт ой ўтиб, ўша режалар қай даражада амалга ошгани ва самара бергани билан қизиқдик.
– Бу ҳақда барча ҳисобот-у маълумотлар бор, буларни ҳам тақдим этамиз. Лекин, биринчи навбатда, жойларга чиқиб, жараённи бевосита кузатсангиз, одамлар билан суҳбатлашсангиз, тасаввурингиз аниқроқ бўлади, ишларимиз фақат қоғозда эмас, амалда бажарилганини кўрасиз, – деди. А.Баҳромов.
“Халқимизга балиқ эмас, қармоқ беришимиз керак”
Бизга тақдим этилган маълумотларда қайд этилишича, бугунги кунда тумандаги 69 маҳаллада 273 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Улардан меҳнатга лаёқатлиларининг 109 минг нафари иш билан банд бўлса, 11 минг 400 нафари ишсиз. Шунингдек, бу йил илк бор 3 минг 556 та камбағал оила рўйхати шакллантирилиб, “темир дафтар”га киритилган.
– Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқ асосида ҳар бир сектор ҳудудида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатлами рўйхати шакллантирилиб, туман бўйича 3 минг 556 камбағал оилада 16 минг 503 нафар аҳоли “темир дафтар”га киритилган эди, – дейди А.Баҳромов. – Карантин пайтида ушбу оилаларга кўмак бериш мақсадида 724 тадбиркорлик субъекти ва ҳомийлар бириктирилди. Бундан ташқари, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 176 тадбиркор ва жисмоний шахс томонидан 2,4 миллиард сўм молиявий маблағ ҳамда 550 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари жамғарилиб, пандемия даврида қийналиб қолган оилаларга ёрдам берилди. Туман фермерлари ҳам бу йил ғалладан мўл ҳосил олди. Шунинг ҳисобидан улар 798 тонна ғаллани туман заҳираси учун ажратди ва буни омборларда сақлаяпмиз. Зарур пайтда ун қилиб, аҳолига тарқатишимиз мумкин. Президентимиз ташаббуси билан берилган бир марталик моддий ёрдам пули ҳам камбағал оилалар учун катта ёрдам бўлди.
Лекин қўлдан берганга қуш тўймас, деган гап бор. Камбағал, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага икки ой, уч ой, борингки, олти ой ёрдам бериш мумкиндир. Йиллар давомида уларнинг таъминотини зиммага олиб бўлмайди-ку. Шунинг учун, биринчи навбатда, камбағал оила аъзоларини иш билан таъминлаш ёки томорқасида доимий даромад манбаига эга бўлиши учун шароит яратишга эътибор қаратилди. Шу мақсадда туманда 14 та қишлоқ хўжалик кооперативи ташкил этилиб, 553 нафар кам таъминланган ҳамда ишсиз фуқарога 30-50 сотихдан, жами 161,4 гектар ер майдони узоқ муддатли ижарага берилди. Бандлик жамғармасидан 804 миллион сўм субсидия ажратилиб, қулупнай, ток ва бошқа сердаромад экинлар экилган ҳолда ерлар ажратилди. Бундан ташқари, лалми майдонларда деҳқончилик қилиш учун электр энергияси тортилиб, артизан қудуқлари қазилди.
– Кооператив ташкил қилиб, шу ҳудудда бизга ажратилган 10,2 гектар ер майдонини 20 та камбағал оилага бўлиб бердик, – дейди “Қўшҳовуз экспорт” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Талъат Олимов. – Бу ерда 2 та артезиан қудуғи қаздирдик. Токзор барпо этдик. Фуқароларимиз ток ораларига қовун-тарвуз ва бошқа маҳсулотлар экиб, ўртача 8-10 миллион сўм даромад олмоқда.
Кенг дашт ўртасида яш-яшил бўлиб ажралиб турган жой ана шу кооперативга ажратилган ер майдони. Баҳорда экилган ток қаламчалари қатор бўлиб, кўзга кўриниб қолган. Қатор орасида эса экилмаган экиннинг ўзи йўқ – қовун-тарвуз дейсизми, картошка, сабзи-пиёз, помидор-бодринг, ошқовоқ-у маккажўхори, мош-ловия, хуллас ҳар бир ер эгаси аввало, рўзғори учун, қолаверса, бозорбоп экин парваришлаяпти.
– Шу пайтгача четга бориб ишлаб келардим – дейди Жамолиддин Рўзимуродов. – Бу йил шу имконият ҳам йўқолди, ишсиз қолиб, рўзғор тебратишда анча қийналдик. Шундай пайтда ток кўчати экилган 50 сотих ер ажратиб берилиши, жонимизга оро кирди. Қатор ораларида қовун-тарвуз, картошка, маккажўхори ва бошқа маҳсулотлар экдик. Уч ой олдин эккан қовунларимиз ҳозир пишиб етилди. Бир тоннага яқин картошка ҳосили олдик. Шукр, рўзғоримиз ўтяпти, меҳнатимизга яраша даромад қиляпмиз. Ака-укаларим билан маслаҳатлашдик, яна 50 сотих ер олиб, деҳқончилик қиламиз.
Яна бир янги ер эгаси Саъдулла Рўзиев 14 километр масофадан шу даштга қатнаб, деҳқончилик қиляпти. Лекин бундан нолимади, аксинча, ишли бўлганидан хурсанд.
– Тўғриси, сувсиз, лалми шу жойдан ер ажратила бошланганда туманимиз ҳокими келиб, “сув ҳам, электр энергияси ҳам келтириб берамиз, зарур бўлса, улов ҳам ажратамиз, фақат меҳнат қилиб, шу ерга меҳр берсангиз, даромад қилсангиз бас”, деган эди – дейди С.Рўзиев. – Шунда ҳам кўнглимизда бироз иккиланиш бор эди. Худога шукр, беш-олти ой ичида бу жойлар чиндан ҳам бўстонга айланди. Электр энергияси тортилди, артезиан қудуқлар қазилди. 50 сотихдан ердан ҳам яхшигина даромад қилсак бўлар экан. Энг муҳими, ҳам ерли, ҳам уловли бўлдим. Уч йиллик имтиёзли кредитга мотороллер беришди. Узоғимиз яқин бўлди, ҳам тайёр маҳсулотни уйга, ҳам бозорга олиб боришда қийинчилик йўқ.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 1 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, туманнинг Қўшховуз, Янгиобод, Мойбулоқ ва Андоқ массивидаги 400 гектардан ортиқ ер майдонни ўзлаштириш учун 17,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу ерларда ток ва бошқа кўчатлар экилиб, 800 та камбағал оилага бўлиб берилади.
Оилаларни камбағаликдан чиқариш, бугунги синовли кунларда ишсиз қолган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида йил бошидан буён 5 минг 59 нафар фуқаро доимий даромад манбаига эга бўлди, вакант жойларга ишга қабул қилинди, кооперативлардан ер майдони ажратилди, шахсий томорқалари учун субсидиялар берилди, жамоат ишларига жалб қилинди. Натижада, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорига мувофиқ 705 оила камбағаллик тоифасидан чиқарилди.
Йил якунига қадар туманда 12 мингдан ортиқ иш ўринлари ташкил этган ҳолда пандемия даврида ишсиз қолган фуқаролар бандлиги таъминланади. Ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган 142 оиланинг 331 нафар аъзоси эса тўлиқ оталиққа олинади.
“Кумуш тола” тиллага айланмоқда
Бундан уч йил олдин туманда бор-йўғи 160-180 тонна атрофида пилла етиштирилган бўлса, кейинги пайтда пиллачилик тармоғидаги ислоҳотлар натижасида бу кўрсаткич икки баробар ошди. Каттақўрғонда ҳам ипак қурти озуқа базасини кўпайтириш ва янги тутзорлар ташкил этиш ҳисобидан, шунингдек, уруғ сифатига эътибор қаратилиши туфайли биргина жорий йилда 330 тонна пилла хомашёси етиштирилди. Бу қимматли “кумуш тола”ни етиштириш учун 8 минг фуқаро мавсумий ҳамда 500 дан ортиқ фуқаро доимий иш билан банд бўлди.
Кадан кўрғонидаги пиллани қайта ишловчи “Кумуш тола” хусусий корхонасида мато ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
– Шу пайтга қадар корхонамизда фақат хом ипак ишлаб чиқариларди, – дейди корхона ижрочи директори Абдулазиз Норов. – Эндиликда пишиқ ипак, мато ва матодан тайёр маҳсулотлар, шунингдек, пилла чиқиндиларидан ипакли пар кўрпа ва ёстиқлар тайёрлаш режалаштирилган. Бунинг учун 1,5 миллион доллар эвазига Жанубий Корея ва Хитойдан замонавий технологиялар келтирганмиз. Янги цех ишга тушгач 100 га яқин янги иш ўрни яратилади.
Дарвоқе, фидокорона меҳнат доим қадр топган. Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида давлатимиз раҳбари фармонига кўра, “Кумуш тола” хусусий корхонаси раҳбари Марям Ниязовага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи” фахрий унвони берилди.
Энамяхши қишлоғи болалари хусусий таълим муассасасида тарбияланади
Ҳозирги кунда туманда 53 объектда қурилиш-пудрат ишлари карантин талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Ушбу қурилиш ишларида минг нафардан ортиқ ишсизлар, асосан хориждан қайтиб келган фуқаролар ишга жалб этилди.
Туманда қурилиш ишларини жадал ривожлантириш мақсадида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 25 та корхонанинг фаолияти тўлиқ қайта тикланди.
Чекка ҳудуд ҳисобланган Энамяхши қишлоғида хусусий мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилмоқда.
– Шу қишлоқда туғилиб ўсганман, – дейди тадбиркор Сардор Рустамов. – Маҳалламиз ва яқин атрофда мактабгача таълим ташкилоти бўлмаган. Ўзим ҳам болалигимда боғчага бормаганман. Бу менга армон бўлган. Шунинг учун қишлоғимизда боғча қуряпмиз. Қурилиш ишларига 5 миллиард 240 миллион сўм маблағ сарфланяпти. Янги муассасада 240 нафар бола шаҳардагидан қолишмайдиган шароитда таълим-тарбия олади. Хорижий тилларни ўрганади. Шунингдек, боғча ёнидан математикага ихтисослашган хусусий мактаб ҳам ташкил этишни режалаштирганмиз.
2020 йилда туманда умумий қиймати 281 миллиард сўм бўлган 144 та лойиҳа амалга оширилмоқда ва бунинг натижасида 1 минг 258 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
Мустақиллик байрами арафасида эса туманда 7 та янги мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Даштдаги иссиқхоналар
Одатда, деҳқончилик, боғдорчилик ҳақида гап кетганда ери унумдор, ариқдан сув оқиб турган жойларни тасаввур қиламиз. Аммо кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги тармоғида замонавий технологияларнинг жорий этилиши, ишга янгича ёндашув туфайли сувсиз, тошлоқ жойларда ҳам боғлар яратиш, иссиқхоналар ташкил этиб, мўмай даромад олиш мумкинлиги амалда исботланмоқда.
Жумладан, Каттақўрғоннинг дашт ҳудудларида иссиқхоналар сони ортиб бормоқда. “Маранда инвест” масъулияти чекланган жамиятининг 4 гектарлик иссиқхонаси айнан шундай, шу пайтгача фойдаланилмаган, кенг даштда ташкил этилган.
– Иссиқхона жойлашган ҳудуднинг тупроғи яхши, – дейди “Маранда Инвест” МЧЖ иш юритувчиси Муҳаммад Юсупов. – Суғорилмайдиган, шу пайтга қадар самарали фойдаланилмаган ер бўлгани сабаб ҳам иссиқхона учун айнан шу жойни танлаганмиз. Ўтган йил Хитой технологияси асосида ташкил этилган иссиқхонада томчилатиб суғориш орқали помидор ва бодринг етиштирдик. Ҳар бир гектар ердан ўртача 20 тоннадан ҳосил олдик. Бу йил ҳосилдорлик яна ҳам юқори бўлиши кутиляпти. 40 дан зиёд кишини иш билан таъминланганмиз.
Яна бир эътиборли ташаббус – Каттақўрғонда лимончилик кластери ташкил этилмоқда. Айни пайтда туманда аҳоли хонадонларида 1 минг 650 та ихчам иссиқхона ташкил этилиб, лимон кўчатлари экилган. Лимончиликни ривожлантириш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш мақсадида “Турон банк” ва “Микрокредитбанк” кредитлари ҳисобига яна 1 минг 100 дан зиёд хонадонга 2-3 сотихли ҳамда 50 нафар тадбиркорнинг ҳар бирига 1 гектардан 50 гектар лимонарий қуриб берилмоқда. Бу, ушбу тармоқнинг ўзида 2 минг 500 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш имконини беради. Ушбу иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулот лимончилик кластери томонидан сотиб олинади ва экспортга йўналтирилади. Шунингдек, лимон мураббоси тайёрлаш йўлга қўйилади.
Олис манзилларга равон йўллардан борилади
Аъзамхон Баҳромовнинг айтишича, туманга раҳбар бўлиб келаётганда йўлларнинг носозлигидан автомашинасининг балонини икки марта алмаштиришга тўғри келган.
– Ўшанда йўлларни таъмирлашни олдимдаги энг асосий мақсадлардан бири сифатида белгилагандим, – дейди туман ҳокими. – Афсуски, туман йўл хўжалиги корхонасида бунинг учун на бир замонавий техника, на малакали мутахассис бор экан. Шунинг учун биринчи навбатда, кредитга бўлса-да йўл қурилиши учун энг замонавий техникаларни сотиб олдик. Аввало, туманга келадиган барча йўлларни таъмирлашга киришдик. Кейин ички йўлларга ўтдик.
Маълумотларга кўра, кейинги уч йилда туманда йилига 100 километр йўл асфальт қилинмоқда. Натижада, энг чекка ҳудудларда 30-40 йиллардан бери таъмирланмаган йўллар равонлашди.
– Илгари бу ташкилотни раҳбарлар ҳам, аҳоли ҳам четлаб ўтган, – дейди “Каттақўрғон йўллардан фойдаланиш” давлат унитар корхонаси раҳбари Яздон Рустамов – Ишчилар кетиб қолган. Пули, техникаси бўлмаган ташкилот кимга ҳам керак дейсиз?. Мени ҳам туманимиз ҳокими “техника олиб берамиз, ёрдам қиламиз”, деб шу вазифага ишга тавсия қилган эди. Ҳақиқатдан ҳам, 2018 йилдан янги техникалар келтирила бошланди. Ҳозирги кунда йўл қуриш, таъмирлаш учун керакли барча техникаларимиз бор. Йил бошидан буён 17,5 миллиард сўм маблағ эвазига туманимиз ҳудудидаги 100 километрга яқин йўл асфальт қилинди. Яқинда туманимиз ҳудудидаги Иштихон тумани билан Навоий вилоятининг Хатирчи туманини боғловчи 83 километрлик йўлнинг 13 километрига асфальт ётқиздик. Шу йўлнинг 12 километри ўтган 2019 йилда таъмирланган эди. Тўғри, ҳали кўп ички йўлларимиз таъмирталаб. Шу пайтгача асосий йўлларни созлаб олдик, энди асосий эътиборни ички йўлларга қаратамиз.
Каттақўрғонни каттақўрғонликлар билан обод қиламиз
Яна қўлимиздаги маълумотларга кўз югуртирамиз. Жорий йилнинг 1 августь ҳолатида туманда давлат рўйхатидан ўтган юридик корхоналар 4 минг 13 та бўлиб, ўтган йилга нисбатан 597 тага ошган. Кичик бизнес суъбектлари эса 1 минг 609 тани ташкил этиб, ўтган йилинг шу даврига нисбатан 524 тага кўпайган.
Президентимизнинг 2020 йил 16 июндаги “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида умумий қиймати 17,4 миллиард сўмлик 9 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Худудий дастурлар бўйича бу йил туманда умумий қиймати 281 миллиард сўм бўлган 144 та лойиҳа амалга оширилмоқда ва бунинг эвазига 1 минг 258 та янги иш ўрни яратилади. Шу пайтгача бу лойиҳаларнинг салмоқли қисми амалга оширилган. Жумладан, “Каттақўрғон монтаж қурилиш” корхонаси томонидан йиллик қуввати биринчи босқичда 1 минг 200 дона бўлган замонавий трансформаторлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга тушурилди. 15 миллиард сўмлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши билан 45 киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
Туманда 2020 йилда бюджет даромадлари бўйича белгиланган 126,4 миллиард сўмлик прогноз кўрсаткичлари январь-июль ойлари якуни билан 64,1 миллиард сўмни ташкил этди. Бошқача айтганда, режа 4,1 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди.
– Бу йил юзага келган пандемия бутун дунё халқлари ҳаётини издан чиқарди, кўп давлатлар иқтисодиёти, аҳоли турмуш тарзи пасайиб кетди, – дейди туман ҳокими, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Аъзамхон Баҳромов. – Ана шундай мураккаб вазиятда Президентимиз томонидан кўрилган чора-тадбирлар туфайли халқимиз бу синовдан кам талафот билан чиқиши таъминланмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари учун кенг имтиёз ва имкониятлар яратилиши бунда муҳим омил бўлди. Яна бир эътиборли томони – “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг йўлга қўйилиши, “темир дафтар”ларнинг ташкил этилиши бўлди. Мана шу саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд қатлами пандемия шароитида ҳам оғир вазиятга тушмай ҳаёт кечирди.
Туманимиз аҳли ҳам шу шароитда ишлаш ва яшашга ўрганди. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдалансак, интилсак иш ўрни яратиш, қишлоқларимизни обод қилиш, халқимиз турмуш даражасини ошириш мумкин экан. Бунинг барчаси бирлик-ҳамжиҳатликда, меҳнатсеварлик ва юртга меҳр-муҳаббатда, эртанги кунга қатъий ишонч ва олдимизга қўйган мақсадлар сари астойдил ҳаракат қилишда эканлигини халқимиз англаб етди. Бугун эришганларимиз биз учун ҳали марра эмас. Олдимизга жуда катта мақсадлар қўйганмиз ва уларга етиш учун доимий ҳаракатда бўламиз. Туманимизни шижоатли, бунёдкор каттақўрғонликлар билан бирга ривожлантирамиз, янада обод қиламиз.