Зеленский бош қўмондонни ҳам алмаштирди
Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирскийни лавозимидан озод қилиб, унинг ўрнига генерал-майор Михаил Драпатийни тайинлади. Ушбу қарор мамлакат бўйлаб авж олган оммавий норозилик, мудофаа вазири Михаил Фёдоров истеъфосидан кейин юзага келган сиёсий босим туфайли қабул қилинди. Шу тариқа Киев сўнгги кунларда жиддий баҳс келтириб чиқарган ҳарбий раҳбариятдаги ўзгаришларни давом эттирди.
Давлат раҳбари бир неча кунлик маслаҳатлашувдан сўнг Қуролли кучлар Бош штаби фаолиятини қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинганини айтди. Шу билан бирга Сирскийнинг Киев мудофааси, Харьков қарши ҳужуми ва Курск йўналиши бўйлаб амалиётдаги хизматини алоҳида эътироф этди. Ваҳоланки, генералнинг бошқарув услуби ва ҳарбийлар билан муносабати анча вақтдан бери танқид қилиб келинаётган эди.
Михаил Драпатий жамоатчилик ва ҳарбийлар орасида ислоҳот тарафдори сифатида танилган. Аввал Харьков йўналишидаги Бирлашган кучларга қўмондонлик қилган бу мулозим раҳбарлигида Украина қўшини Купянск атрофида бир неча ҳудудни қайта назоратга олган. Янги Бош қўмондон Фёдоров бошлаган ҳарбий бошқарув ислоҳоти ташаббусини очиқ қўллаб-қувватлаб, армияда тизимли ўзгариш зарурлигини бир неча бор таъкидлаган.
Фёдоровнинг лавозимдан четлатилиши мамлакатда сиёсий баҳсни кучайтирди. Жамоатчилик фаоллари ва уруш қатнашчилари уни қайта мудофаа вазири этиб тайинлашни талаб қилмоқда. Ҳатто, намойиш ташкилотчилари 24 июлга қадар Сирский ишдан олинмаса ва Фёдоров номзоди қайта кўриб чиқилмаса, муддатсиз миллий норозилик акцияси бошланишидан огоҳлантирган.
Зеленский Бош қўмондонни алмаштириш қарорини эълон қилган бўлса-да, Фёдоровнинг эҳтимолий қайтиши юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.
Мусулмон Зиё, ЎзА