Ўзбекистон ва Жанубий Корея тажрибаси
Республика биржа марказида корхоналарнинг қўшимча акцияларини чиқариш ва бозорда жойлаштириш орқали хорижий инвестицияларни жалб қилиш афзалликларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Республика биржа марказида корхоналарнинг қўшимча акцияларини чиқариш ва бозорда жойлаштириш орқали хорижий инвестицияларни жалб қилиш афзалликларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.Тадбир Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан Жанубий Корея фонд биржаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда мамлакатимиз корхоналари, “Тошкент” республика фонд биржаси, Давлат активларини бошқариш маркази ва бошқа манфаатдор идоралар вакиллари иштирок этди.
Семинарда қимматли қоғозлар бозорини фаоллаштириш ва унинг муваффақиятли фаолият юритиши мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини ошириш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий омилларидан бири сифатида кўриб чиқилаётгани таъкидланди. Узоқ муддатли ресурсларни миллий иқтисодиётимизнинг рақобатбардош ва жадал ривожланиб бораётган соҳаларига жалб қилиш ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ҳамда технологик қайта жиҳозлаш жараёнини инвестиция билан таъминлаш имконини бераётир.
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 6 майда янги таҳрирда қабул қилинган “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Қонунда акциядорлик жамиятлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш орқали бўлажак инвесторларни жалб этиш, қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш, миноритар акциядорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, акциядорлик жамиятлари бошқарув ва назорат органларининг акциядорлар олдидаги жавобгарлигини янада ошириш кўзда тутилган.
Тадбир давомида Корея Республикасининг акцияларни бирламчи оммавий сотиш соҳасидаги тажрибаси кўриб чиқилди. Жанубий Корея фонд биржаси ва «Korea Investment and securities» компанияси экспертлари Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда корпоратив бошқарув тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.
– Ўзбекистон ушбу йўналишда йил сайин ривожланиб бораётгани диққатга сазовордир, – дейди Жанубий Корея фонд биржаси департаменти бошлиғи Стив Дайчун Ким. – Хусусан, акциядорлар ва бўлажак инвесторларнинг акциядорлик компаниялари ҳақидаги ахборотдан фойдаланиши қонун даражасида кенгайтирилган, акциядорлик компанияларини таъсис этиш, қимматли қоғозлар қийматини белгилаш, жамиятлар акцияларини оммавий таклиф этиш орқали жойлаштиришга тааллуқли нормалар мустаҳкамланган.
Тадбирда мамлакатимизда қимматли қоғозлар бозорини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳа доирасида Жанубий Корея фонд биржаси томонидан тақдим этиладиган Ягона дастурий-техник комплексни муваффақиятли жорий этиш учун мўлжалланган тадбирлар эълон қилинди. Мазкур лойиҳа нафақат дастурий таъминот, сервер ва телекоммуникация ускуналари етказиб бериш, балки маҳаллий мутахассисларни ўқитиш, қонунчилик базасини такомиллаштиришга кўмаклашишни ҳам ўз ичига олган.
Семинар давомида кўриб чиқилган масалалар юзасидан фикр алмашилди.