Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукумати вакилларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумат делегациялари ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумат делегациялари ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ўтказилди. Мулоқот давомида ҳар икки томон ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақада барқарор иқтисодий ва инфратузилмавий ривожланишни таъминлашдан манфаатдорлигини тасдиқлади.
Кун тартибига мувофиқ, мулоқот давомида савдо, энергетика, транспорт коммуникациялари ва логистика соҳаларида ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари, шунингдек, минтақавий аҳамиятга молик қатор муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Делегацияларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ханиф Атмар ва Афғонистон президенти маъмурияти раҳбари Муҳаммад Шокир бошчилик қилдилар. Музокараларда икки мамлакат ташқи ишлар, транспорт, энергетика вазирликлари, шунингдек, бошқа тегишли идора ва компаниялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Музокаралар чоғида икки мамлакат раҳбарлари саъй-ҳаракати туфайли ўтган 3 йил давомида ўзаро муносабатларда юқори даражага эришилгани таъкидланди, шунингдек, томонлар кенг кўламли ҳамкорлик доирасида эришилган келишувларни ўз вақтида ва самарали амалга оширишга содиқлиги билдирилди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш зарурлиги эътироф этилди. Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни ташкил этиш ва шу мақсадда тегишли инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш, жумладан, “Сурхон – Пули – Хумри” узатиш линияси қурилиши лойиҳасини тезкор равишда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, томонлар “Марказий Осиё – Жанубий Осиё” йўналишида ҳам, “Афғонистон – Хитой, МДҲ мамлакатлари ва Европа” йўналишида ҳам транспорт йўлакларини кенгайтириш ва икки мамлакат транзит салоҳиятидан унумли фойдаланиш орқали минтақадаги транспорт коммуникациялари инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон ва Афғонистоннинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашувда савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўллари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, ўзаро савдо ҳажмининг ўсиш суръатига ижобий баҳо берилди – 2020 йилнинг биринчи ярмида пандемия оқибатларининг халқаро савдо муҳитига салбий таъсирига қарамай, икки томонлама савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоиз ошган.
Савдо алоқаларини янада кучайтириш мақсадида тегишли институционал ва ҳуқуқий асослар ишлаб чиқиш, ўзаро савдони рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш, жумладан, чегара олди савдо салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ва имтиёзли савдо Битимини тузиш имкониятларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.
Музокаралар якунида яқин келажакда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалга ошириладиган қўшма чора-тадбирлар келишиб олинди. Савдо, энергетика ва транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш ва аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Томонлар фикрича, икки томонлама муносабатларда эришилган ютуқлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар Марказий Осиё минтақасида барқарорлик, тараққиёт ва иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда Афғонистонни ушбу жараёнга фаол жалб этишга хизмат қилади.

