Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми
АҚШ сертификатланган илк савдо миссиясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида пойтахтимизда 18-20 июнь кунлари Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми бўлиб ўтди.
АҚШ сертификатланган илк савдо миссиясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида пойтахтимизда 18-20 июнь кунлари Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси томонидан АҚШ савдо вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда савдо, молия, металлургия, авиация, логистика, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, геология, дастурий таъминот каби соҳаларда фаолият юритувчи вазирлик ва идоралар, компания ва фирмалар раҳбарлари, бизнес доиралар вакиллари иштирок этди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов ва бошқалар Президентимизнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифидан ушбу мамлакат билан кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларида янги саҳифа очилганини таъкидлади.
Ушбу ташрифдан сўнг мамлакатимизда бизнес юритиш истагида бўлган АҚШ компаниялари сони ортиб, улар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган истиқболли қўшма лойиҳалар кўпайди.
Тадбирда америкалик ишбилармонларга мамлакатимизда савдо-инвестиция, қурилиш, энергетика, транспорт, молия, қишлоқ хўжалиги, таълим, тўқимачилик каби соҳаларда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар тақдим этилди, қатор йўналишлар бўйича фойдали битимлар имзоланди.
«Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти томонидан АҚШнинг “General Electric”, “John Deere” ва “CAT/Zeppelin” каби компаниялари вакиллари билан ўтказилган учрашувлар сўнггида мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, қўшма корхоналар ташкил этиш юзасидан келишувларга эришилди.
"B2B" шаклидаги учрашувларда АҚШ савдо-инвестиция компанияларининг мамлакатимизда бизнес фаолиятини янада кенгайтириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришдаги манфаатли шерикликни йўлга қўйиш учун ўзига хос платформа бўлиб хизмат қилади.