Ўзбек тилида битилган илк ғазал Наврўзга бағишланганми?
Шарқининг буюк алломалари Абу Бакр Наршахий, Абу Райҳон Беруний, Абулқосим Фирдавсий, Умар Ҳайём сингари мутафаккирлар асарларида ҳам кўришимиз мумкин.
Маълумки, Наврўз Шарқ халқларининг энг қадимий ва умрбоқий байрами ҳисобланади. Уни асрлар давомида туркий ва форсий халқлар кенг нишонлаб келадилар. Унга атаб халқ орасида турли афсоналар, мақол ва маталлар, ривоятлар, ўлан ва лапарлар тўқилган.
Гарчи, Наврўз исломиятдан минг йиллар аввал пайдо бўлган эса-да, ўрта асрларда, ислом дини она заминимизга кириб келган ва кенг тараққий этган дамларда ҳам Наврўз умумхалқ байрами сифатида нишонланаверилган.
Буни мусулмон Шарқининг буюк алломалари Абу Бакр Наршахий, Абу Райҳон Беруний, Абулқосим Фирдавсий, Умар Ҳайём сингари мутафаккирлар асарларида ҳам кўришимиз мумкин.
Аруз вазни, у билан боғлиқ шеърий жанрлар туркий адабиётга араб ва форс шеърияти орқали кириб келган. Унгача туркий адабиётда бармоқ вазнидаги шеър ва қўшиқлар кенг тарқалган эди. Маълумотларга кўра, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари туркий тилда, аруз вазнида, маснавий жанрида битилган дастлабки йирик шеърий асар саналади.
Ғазал аруз вазнидаги энг кенг тарқалган шеър тури ҳисобланади. Асрлар давомида туркий тилда ижод қилган шоирларимиздан бизгача минглаб ғазаллар етиб келган. Бугунги кунга қадар шоирларимиз орасида ғазалнавислик анъанаси сақланиб келмоқда.
Қарангки, ўзбек тилидаги илк ғазаллардан бири ҳам айнан Наврўзга бағишланган экан. Бу ғазал Носируддин Бурҳонуддин Рабғузий қаламига мансуб “Қисаси Рабғузий” асарида учрайди. Маълумки, Қуръони каримда тилга олинган ва олинмаган бир қанча пайғамбарлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу асарда ҳар бир пайғамбар хусусида туркий тилда ғазаллар битилган.
Рабғузий Яъқуб ва Юсуф алайҳиссаломлар қиссасини ҳикоя қиларкан, акалари баҳорнинг илк кунларида Юсуфни сайрга олиб чиқишгани ҳақида тўхталиб, баҳор таърифини шеърий усулда баён қилади:
Кун ҳамалға келди эрса, келди олам наврўзи,
Кетди баҳман, замҳарир қиш, қолмади қори музи,
Кун келиб, минг кўрки ортиб, тирилур ўлди жаҳон,
Тонг бадизлаб, нақши бирла безанур бу ер юзи.
Ҳурилар учмоқ ичинда енг солиб, таҳсин қилур,
Ёз уза мундоғ ғазал айтмишда Носир Рабғузий…
Пайғамбарлар ва саҳобалар тарихи ҳақида, ислом шариати нуқтаи назаридан битилган ушбу муаззам туркий асарда Наврўз ҳақидаги гўзал байтлар ўрин олгани бу қадимий байрамнинг ўтказилиши ўша пайтдаги диний қарашларга зид бўлмаганини кўрсатади.
Рабғузийдан кейин яшаб ўтган ўнлаб туркий шоирлар бу анъанани давом эттириб, ўз асарларида Наврўз тавсифига алоҳида ўрин ажратдилар. Хусусан, Ҳайдар Хоразмий қаламига мансуб деб қараладиган “Гул ва Наврўз” достони бош қаҳрамони ҳам айнан шу байрам кунида туғилгани учун унга Наврўз деб исм берилади.
Чаманлар бўлди жаннатдин намудор,
Очилди гул очилди мушки тотор...
Янги йилнинг бошида рўзи наврўз,
Садафдин чиқди бир дурри шабафрўз.
Туркий адабиётнинг энг буюк вакили ҳисобланган Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳам бу байрамга алоҳида ихлос билан қараганлари шоирнинг бир қатор ғазалларида яққол кўзга ташланади:
Мувофиқ кийдилар, бўлмиш магар наврўз ила байрам,
Чаман сарви яшил хилқат, менинг сарви равоним ҳам...
Маълумки, қадимда “байрам” атамаси асосан Рамазон ва Қурбон ҳайитига нисбатан айтилган. Наврўз байрами шамсий, ҳайит кунлари эса қамарий тақвимга қараб белгиланади. Шу боис Наврўз ҳар йили 21 март кунига тўғри келса, ҳайит байрамлари санаси милодий тақвимда 10-11 кун олдинга “сурилиб” бораверади. Юқоридаги ғазалда Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами бир пайтга тўғри келиб қолгани назарда тутилган. Биз тарихга назар ташласак, 1472 йилнинг Наврўз куни айнан шаввол ойининг биринчиси, яъни Рамазон ҳайитига тўғри келган экан.
Байтда ҳам ана шу ҳолатга ишора бор. Яъни, ҳайит ва Наврўз бир пайтга тўғри келгани учун чамандаги сарв ҳам, шоирнинг маҳбубаси ҳам яшил рангли либос киядилар. Мана шу мисолнинг ўзи ҳам Наврўз исломий анъаналаримиз билан қанчалик уйғунлашиб кетганини кўрсатади.
Одатда бундай ҳодиса ҳар 33 йилда бир бор такрорланади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 1505 йилда ҳам Рамазон ҳайитининг биринчи куни Наврўз билан деярли бир пайтга тўғри келган. Буни Бобурнинг бир ғазалида яққол кўриш мумкин:
Янги ой ёр юзи бирла кўруб эл шод байрамлар,
Манга юзу қошингдин айру байрам ойида ғамлар.
...Юзи наврўзи, васли ийдини Бобур ғанимат тут
Ки, мундин яхши бўлмас бўлса юз наврўзу байрамлар.
Одатда Рамазон ҳайитини белгилашда мусулмонлар бир кун аввал янги ойни кўришлари лозим ҳисобланади. Ғазалда ҳам шу анъанага ишора қилинади. Яъни, халқ янги ойни ва ёр юзини кўриб байрам қилади. Шоир эса ўз севгилисининг янги ой сингари қоши ва Наврўздек ёруғ юзидан айру изтироб чекади. Бобур ўз-ўзига ёрнинг юзи ва дийдорини Наврўз ва ҳайитга қиёслаб сўз ўйини қилади.
Ўзбек адабиётининг яна бир буюк вакили Муҳаммад Ризо Огаҳий ижодида ҳам Наврўзи олам тавсифига алоҳида ўрин ажратилади.
Қилиб ойини меҳр оғоз Наврўз,
Келиб қиш фаслин этти ёз Наврўз,
Жаҳон сарто қадам файзу сафода,
Бўлуб жаннатга файз андоз Наврўз.
Умуман, ўзбек мумтоз адабиётида Наврўзга бағишланган шеъру ғазаллар бисёр. Зотан, Наврўз азалдан шоирлар учун беҳад илҳом манбаи бўлиб келгани ҳам айни ҳақиқат.
Рустам ЖАББОРОВ