Ўзбек тили улуғланди
Андижон шаҳридаги Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хиёбонида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Андижон шаҳридаги Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хиёбонида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқувчи ва ўқитувчилари, олим, ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар, адабиёт ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда она тилимиз жамият ривожи ва халқимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши, кейинги йилларда ўзбек тилининг ўзига хос жиҳатлари, гўзал жилоларини асраб-авайлаш, мазмунан бойитиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда дастуриламал бўлаётганлиги таъкидланди.
– Ўзбек тили миллатимизнинг, ўзлигимизнинг тимсолидир, – дейди Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фурқатбек Бузруков. – Ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшларимиз мана шу ҳақиқатни англай билсин. Тилимизни ҳурмат қилсин, уни асраб-авайлаб, мазмунан бойитишга ўз ҳиссасини қўшиши лозим.
Тадбирда ўқувчилар томонидан она тилимизни мадҳ этувчи шеър, куй ва қўшиқлар ижро этилиб, саҳна кўринишлари намойиш этилди.
– Она тилимиз бизнинг бойлигимиз, фахримиз, миллатимизнинг руҳи, – дейди Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчиси Бокира Мўйдинова. – Шу боис уни ҳар биримиз асраб-авайламоғимиз, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоғимиз керак. Тилимизни унутсак, ўзлигимизни йўқотган бўламиз. Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг қуйидаги мисралари ҳамиша ёдимизда бўлсин:
Она тилим, сен борсан, шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.
Вилоятдаги меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида тил байрамига бағишланган бу каби тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Таълим муассасаларида “Она тилим, фахрим, ғурурим” мавзусида дарслар ўтказилмоқда.


