Заргарлик соҳасида ўсиш бор, аммо сифат назорати талаб даражасидами?
Сўнгги йилларда юртимизда заргарлик саноатини ривожлантириш, соҳа иштирокчилари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ҳамда давлат хизматлари сифатини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Айниқса, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласини тартибга солиш, асиллик даражасини аниқлаш жараёнларини халқаро мезонлар асосида ташкил этиш ва рақамли бошқарув механизмларини жорий этиш соҳада салмоқли ишлар амалга ошириляпти.
Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан заргарлик соҳасини тартибга солиш, тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган давлат хизматлари ҳамда назорат йўналишида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида шу хусусда сўз юритилди.

Унда соҳа масъуллари қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва устувор вазифалар юзасидан маълумот берди. Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси бошлиғи Раҳимжон Бобоевнинг сўзларига кўра, соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар фақат рақамларни кўпайтиришга эмас, балки сифат ва ишончни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
–Заргарлик соҳасида ўсиш кўрсаткичларига эришишнинг ўзи етарли эмас. Бугун асосий мақсад истеъмолчи ишончини мустаҳкамлаш, сифат назоратини кучайтириш ва тадбиркорлар учун шаффоф тизим яратиш. Шу мақсадда давлат хизматларини рақамлаштириш, инсон омилини қисқартириш ҳамда назорат механизмларини замонавийлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Дейлик, асиллик даражасини аниқлаш ва давлат тамғаси билан тамғалаш хизматларига бўлган талаб йил сайин ошиб бормоқда. Хусусан, 2023 йилда 989 килограммдан ортиқ заргарлик буюмлари экспертизадан ўтказилиб тамғаланган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 1 тонна 141 килограммга етган. 2025 йил якунлари бўйича эса мазкур ҳажм қарийб 1,5 тоннани ташкил этган, – деди Раҳимжон Бобоев.

Мутахассислар қайд этганидек, мазкур ўсиш кўрсаткичлари бозордаги фаоллик ортиб бораётганини кўрсатади. Бироқ бу жараёнда маҳсулот сифати, унинг ҳақиқий асиллик даражаси ва назорат тизимининг ишончлилиги устувор аҳамият касб этади.
Анжуман давомида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи устидан амалга оширилаётган техник ҳамда геммологик экспертиза ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунингдек, халқаро стандартларни жорий қилиш, лабораториялар имкониятларини кенгайтириш ва мутахассислар малакасини ошириш ишлари соҳанинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбирда лицензиялаш ва рухсат бериш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилгани, давлат хизматлари инсон омилисисиз электрон шаклда кўрсатилаётгани ҳам қайд этилди. 2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, республикада қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан фаолият юритаётган субъектлар сони 2 778 тани ташкил этди. Фаолият турлари бўйича расмийлаштирилган рухсат берувчи ҳужжатлар сони эса 4 059 тага етди.

Шу билан бирга, соҳада қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, лицензиялаш жараёнларини рақамлаштириш, хизмат кўрсатиш жараёнларида видео кузатув тизимини жорий этиш ҳамда назорат тадбирларини замонавий техник воситалар орқали амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, соҳани янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, заргарлик соҳасидаги ўсиш кўрсаткичлари муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, келгуси босқичда асосий эътибор сифат назорати, хизматлар шаффофлиги ва халқаро стандартларга мувофиқликни таъминлашга қаратилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА