Замонавий технология — мўл ҳосил гарови
Пискент туманида Россия инвесторлари иштирокида ташкил этилган замонавий картошкачилик лойиҳасида жорий мавсумда юқори ҳосилдорликка эришилмоқда.
Айни пайтда “Красный Маяк” хўжалигида етиштирилган картошка ҳосилини йиғиб олиш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Замонавий агротехнологиялар, юқори ҳосилдор уруғлик навлари ва илғор агротехник усулларнинг қўлланилиши натижасида ҳар гектар майдондан ўртача 40 тонна ҳосил олинмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, юқори ҳосилдорликка эришишда илмий асосланган агротехнологиялар, сув ва озуқа ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда етиштириш жараёнини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш муҳим омил бўлмоқда.
Йиғиб олинаётган ҳосил, энг аввало, ички бозорни сифатли картошка маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга йўналтирилмоқда. Бу эса бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш ва аҳолини арзон ҳамда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур инвестиция лойиҳаси қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқариш технологияларини кенг жорий этиш, янги иш ўринлари яратиш, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.