Замонавий санъат маркази қандай таассурот қолдирди? (+видео)
Тошкентда Замонавий санъат марказининг очилиши пойтахтнинг маданий ҳаётида муҳим янгиликлардан бири бўлди.
Тарихий меъморлик ва замонавий санъат уйғунлашган ушбу маскан нафақат ижодкорлар, балки санъатга қизиқувчи томошабинлар учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда. Марказнинг ўзига хос жиҳатлари, бу ерда яратилган шароитлар ва миллий санъатимизни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириш имкониятлари ҳақида Фанлар академияси санъатшунослик институти директори, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Нигора Каримова ўз фикрларини билдирди.
— Тошкентда Замонавий санъат марказининг очилиши мен учун, аввало, шаҳарнинг маданий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. Чунки бу ерда гап шунчаки янги бир маданий масканнинг пайдо бўлиши ҳақида эмас. Тарихий бинога янги мазмун, янги ҳаёт кириб келгани менда катта таассурот қолдирди.
Марказ жойлашган бино XX аср бошларига хос меъморлик хусусиятларини ўзида сақлаб қолган. Бир неча йил давомида олиб борилган реконструкциядан сўнг эса у замонавий санъат учун очиқ ва қулай маконга айлантирилди. Менинг назаримда, бу ерда эски ва янги бино ўртасидаги қарама-қаршилик эмас, аксинча, жуда қизиқ уйғунлик юзага келган.
Марказнинг меъморий ечими ҳам эътиборга лойиқ. Унда классик меъморлик элементлари замонавий, авангард ва минималистик ёндашувлар билан бирлашган. Шу жиҳати билан у менга Европадаги машҳур замонавий санъат масканларини эслатди.
Аммо марказнинг аҳамиятини фақат унинг меъморлиги билан баҳолаб бўлмайди. Бу ерда кино зали, кутубхона, грампластинкалар тинглаш учун студиялар, ёш ижодкорлар учун майдонлар, катта инсталляциялар ва турли перформанслар учун махсус маконлар мавжуд. Яъни санъатнинг турли шакллари бир-бири билан мулоқот қилиши учун имконият яратилган.
Менга айниқса миллий меросимиз билан замонавий санъатнинг бир маконда учрашиши ёқди. Масалан, Анвар Сафаев муаллифлигидаги «Мақом услуби» перформансида миллий мақом санъати замонавий визуал ечимлар билан уйғунлаштирилди.
Мен учун энг таъсирли жиҳат ҳам шу бўлди: бир томонда тарих, миллий мусиқа ва хотира, иккинчи томонда эса замонавий санъатнинг янги ифодалари. Улар бир-бирига халақит бермади, аксинча, бир-бирини тўлдирди.
Шундай марказнинг Тошкентда пайдо бўлгани, менимча, санъатимиз учун янги имкониятлар очади. Энг муҳими, бу ерда турли авлод ва турли йўналиш вакиллари учрашиши, ижодий мулоқот қилиши мумкин. Ўйлайманки, Замонавий санъат маркази келгусида нафақат кўргазма ва тадбирлар ўтказиладиган жой, балки янги ғоялар туғиладиган маданий муҳитга айланади.
Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов (видео),
А.Аҳмедов (монтаж), ЎзА