Замонавий маскан фойдаланишга топширилди
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида нуронийлар учун барпо этилган замонавий ва шинам маскан фойдаланишга топширилди. “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида амалга оширилган мазкур лойиҳа 1,5 миллиард сўмга баҳоланиб, 1 минг 520 нафар фуқаронинг қўллаб-қувватлови билан ғолиб деб топилган.
Тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Олимжон Жўраев ҳамда Сирдарё вилояти “Нуронийлар” жамғармаси раиси Ўтбосар Абдиев иштирок этиб, янги масканнинг аҳамиятига алоҳида тўхталдилар. Таъкидланганидек, ушбу маскан нафақат кекса авлод вакиллари учун дам олиш ҳудуди, балки уларнинг бой ҳаётий тажрибаси, маслаҳат ва панд-насиҳатлари ёшлар тарбиясига йўналтириладиган муҳим ижтимоий марказ вазифасини ҳам бажаради.

Мазкур ташаббус 2025 йил “Ташаббусли бюджет” дастурининг биринчи мавсуми доирасида илгари сурилган бўлиб, қисқа муддатда кенг жамоатчилик эътиборини қозонди. Аҳолининг фаол иштироки натижасида лойиҳа юқори овоз тўплаб, амалга ошириш учун танлаб олинди. Бу эса фуқароларнинг жамият ҳаётидаги фаоллиги ва дахлдорлиги ортиб бораётганини кўрсатади.

Қурилиш ишлари “Сирож Нодир Ҳамкорлиги” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилиб, иншоот замонавий меъморий ечимлар асосида барпо этилди. Маскан барча зарур шароитлар — қулай ўтириш жойлари, суҳбат ва тадбирлар ўтказиш учун мўлжалланган хоналар билан жиҳозланган.
Янги масканнинг фойдаланишга топширилиши юртимизда нуронийларга бўлган юксак эҳтиром ва эътиборнинг амалий ифодаси бўлиб, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётий тажрибаларини ёш авлодга етказишга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА