Замонавий лабораториялар мажмуаси аҳоли хизмати учун тайёр
Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси лабораториялар мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда соҳа мутасаддилари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва тиббиёт ходимлари иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, мазкур лабораториялар мажмуаси БМТнинг Лойиҳа хизматлари бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда тўлиқ реконструкция қилинди.
Лойиҳа доирасида лаборатория биноси замонавий талаблар асосида таъмирланиб, илғор диагностик ускуналар ва юқори аниқликдаги текширув тизимлари билан жиҳозланди. Мажмуа реконструкцияси учун 1,3 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилган.

Янги лабораториялар юқумли касалликларни эрта аниқлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, ичимлик суви сифати, атроф-муҳит мониторинги ҳамда санитария назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу ерда мутахассислар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, улар эндиликда энг юқори даражадаги эпидемиологик хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда тадқиқотларни амалга оширишлари мумкин.
Гулноза Бобоева,
ЎзА