Замонавий дипломатия - ёшлар муҳокамасида
Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Қалб дипломатияси” халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция доирасида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашди, янги ҳамкорлик йўналишлари бўйича таклифлар илгари сурилди ҳамда бир қатор муҳим ташаббуслар муҳокамага қўйилди.

Дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган етакчи академиклар, тажрибали сиёсат арбоблари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда истиқболли ёш етакчилар иштирок этган мазкур тадбир турли маданият ва қарашларни бир майдонда жамлаб, очиқ мулоқот ва ўзаро ишонч муҳитини шакллантиришга хизмат қилди.

Хусусан, тадбир давомида замонавий дипломатияда инсоний қадриятларнинг ўрни, глобал муаммоларни ҳал этишда ёшларнинг роли, маданиятлараро мулоқот ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш ҳамда тинчлик ва барқарор ривожланиш йўлида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда “Қалб дипломатияси” тушунчаси бу фақат расмий музокаралар эмас, балки юракдан чиққан самимий мулоқот, инсонлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш ва келажак авлод учун тинч, адолатли ҳамда барқарор дунё барпо этишга қаратилган муҳим ёндашув сифатида эътироф этилди.

Гулноза Бобоева,
ЎзА