Замонавий биржа технологиялари
Савдоларни очиқ-ойдин ва ошкора ўтказиш механизми, профессионал брокерлик корпуси, ривожланган савдо инфратузилмаси ва битимлар ижроси кафолатланганлиги тадбиркорларнинг биржа савдоларига қизиқишини оширмоқда.
2016 йилнинг ўтган ўн бир ойида тадбиркорлар Ўзбекистон Республика товар хомашё биржаси орқали 5,5 триллион сўмлик хомашё ва материалларни харид қилди. Улар томонидан биржа орқали сотилган маҳсулотлар 2,1 триллион сўмни ташкил этди. Ушбу савдоларда иштирок этаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўтган йилга нисбатан 14 фоизга кўпайиб, 42 минг нафарга етди.Савдоларни очиқ-ойдин ва ошкора ўтказиш механизми, профессионал брокерлик корпуси, ривожланган савдо инфратузилмаси ва битимлар ижроси кафолатланганлиги тадбиркорларнинг биржа савдоларига қизиқишини оширмоқда.
– Ишбилармонларга янада қулайлик яратиш мақсадида электрон тижоратнинг асосини ташкил этувчи кўргазма-ярмарка савдолари ҳам ташкил этилмоқда, – дейди «Ўзбекистон Республика товар хомашё биржаси» акциядорлик жамияти бош маклери Исломбек Иброҳимов. – Ярмарка савдолари интернет тармоғида ўтказилгани боис унда нафақат маҳаллий харидорлар, балки хорижий мижозлар ҳам иштирок этмоқда. Бу маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини кенгайтиришга кўмак бераётир.
Миллий матбуот марказида «Ўзбекистон Республика товар хомашё биржаси» акциядорлик жамияти томонидан "Тадбиркорларни биржа товарлари билан таъминлашни кенгайтириш ва уларнинг маҳсулотларини биржа орқали ички ва ташқи бозорларга олиб чиқиш имкониятлари" мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида бизнес вакилларининг электрон савдолардаги иштироки ҳақида батафсил маълумотлар келтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 августдаги "Электрон ярмаркалар, аукцион ва танловлар ташкилотчиларининг – ахборот воситачиларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори асосида тизимга сезиларли ўзгартиришлар киритилгани қайд этилди.
Ярмарка савдоларининг савдо ва тўлов қисмлари ягона тармоқда бирлаштирилиб, ушбу тизим янги веб-сайтда амалга оширилмоқда. Яна бир янгилик веб-сайт фойдаланувчилари порталда биржа фаолиятининг камчиликлари бўйича фикрларини қолдириши мумкин. Виртуал қабулхона ташкил этилган бўлиб, фуқаролар ўзларини қизиқтираётган саволларни электрон тарзда юбориш имкониятига эга бўлди.
– Эндиликда тадбиркорлар веб-сайтда вилоятлар кесимида брокерлик идоралари ва савдо майдончаларнинг рейтинги билан танишиш, биржанинг электрон савдоларида қатнашиш бўйича амалий тавсиялар олиши мумкин, – дейди биржа бўлим бошлиғи Жасур Юнусов. – Онлайн ўқув порталида давлат ва корпоратив харидлар, биржа савдолари ва электрон тижорат соҳасига доир ўқув видеороликлар ва электрон қўлланмалар жойлаштирилган.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб берди.