"Замон кутиб турмайди" — кинематографияга назар
Киночиларнинг телеграмм канали тинмайди. "Янги фильм ишланиш арафасида", "Фалон тадбир режалаштирилмоқда", "Картина яратилиши кўзда тутилган..." Буларнинг бари соҳада ишлар жадал олиб борилаётганини англатади. Шундай бўлиши ҳам керак. Сабаби, истаймизми, йўқми, ўзбек киноси ўз томошабинларини хориж сериалларига бой бериб қўяётгандек. Ҳар ҳолда менга шундай туюлаяпти.
Барча мақтаган, бир фаслининг ўзи бир юз қанча сериядан иборат чет эл сериалларидан бири ўша мақтовларга арзигуликмикан, деган хаёл билан уни томоша қилмоқчи бўлдим. Ҳали намойиш бошланиб улгурмай, тўртинчи синфда ўқийдиган Мубина ёнимга келиб, бу сериални биринчи синфдаёқ томоша қилиб бўлганини айтганида, рости, ҳайратдан қотиб қолдим. "Ахир бу катталар учун мўлжалланган сериал-ку!". "Телевизор доим ёқиғлиқ туради. Дарс тайёрлаб, ҳам сериал кўрардим-да", дейди қизча кўзларини пириллатганича. Рости, узундан- узоқ ўша "мақталган" сериалда ибрат бўлишга арзигулик нарсанинг ўзи йўқ эди аслида. Ўз манфаати йўлида бошқаларга панд бериш, бунда ҳар қандай қабиҳликдан тап тортмаслик, одамлар ҳаётига зомин бўлиш, ўтакетган муғомбирлик, чақимчилик, хиёнат, алдов, адоват, манманлик, сохталикдан, томошабин фикрини чалғитишдан бошқаси йўқ эди у ерда...
Кино ижодкорлар жамоасининг биргаликдаги меҳнати самарасидир. "Маҳаллада дув-дув гап", "Даҳонинг ёшлиги", уруш ва ундан кейинги оғир асоратли йилларда яратилган "Алишер Навоий", "Тоҳир ва Зуҳра" фильмлари, "Мафтунингман", "Тўйлар муборак", "Ёр-ёр", "Дилбарим", "Галатепалик авлиё", "Ажойиб хаёлпараст", "Чинор остидаги дуэль", "Суюнчи", "Абдуллажон", "Осмондаги болалар" каби яхши фильмларимиз кўп. Биргина "Шум бола" қанча эътиборга лойиқ. Унда кулиб йиғлайсиз, йиғлаб куласиз. "Фарҳоднинг жасорати", "Сен етим эмасман", "41-йил олмалари"дан қалбингиз ғурурга тўлади. Ўзбекистонликлар Ғалаба онларига қўшган ҳиссаси ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Охирги ўн йилликларда кинодаги турғунликлардан, гоҳи эр-хотин, ҳали қайнона-келин, қудалар жангидан чарчайсиз.
Бирда ошхона юмушларини бажаратуриб, хорижда ишланган фильмга кўзим тушиб қолганди. "Ҳарбий разведка. Шимолий фронт" деб номланган бу фильмни бир лаҳзада кўриб қўйганингизни билмай қоласиз. Унинг ижодкори, истеъдодли режиссёр Юсуф Розиқовнинг эса яна Ватанимизга қайтиб, ўзимизда зўр картиналар яратишидек ушалмас орзулар дилда қолиши тайин.
...Ҳа, кейинги пайтларда "Ибрат", "101", "Илҳақ" сингари яхши экран асарлари томошабинларга тақдим этилди. Бу йўлдаги уринишларни янада жадаллаштиришни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Кино яратмоқ осон иш эмас. Бу йўлда ижодкорларга ҳамжиҳатлик, аҳиллик, барака, ижод завқини тилаб қоламиз. Тезкор давр эса томошабин учун жаҳон кинематография майдонида қай йўсинда кураш кетаётганини яққол кўрсатмоқда.
Н.УСМОНОВА, ЎзА