"Заковот" майдонида беллашишди
Жиззахда “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” олдидан ўтказилган анъанавий “Заковат” интеллектуал ўйини бу гал ҳам билим, тафаккур ва журналистик салоҳият байрамига айланди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда оммавий ахборот воситалари жамоалари билим ва зеҳн синовида беллашишди.
Айтиш жоиз, “Заковат” майдони кейинги йилларда ижод аҳлини бирлаштирувчи маънавий-маърифий анъанага айланиб бормоқда. Бу йил иштирокчи жамоалар сонининг ортиши, айниқса, янги жамоаларнинг фаол қатнашгани интеллектуал муҳитга қизиқиш тобора кучайиб бораётганидан далолатдир.
[gallery-29587]
Қизғин баҳслар, тезкор фикрлар ва мантиқий мушоҳадаларга бой кечган беллашувда иштирокчилар нафақат билим, балки жамоавий ҳамжиҳатлик ва топқирлик борасида ҳам ўз имкониятларини намоён этишди. Ҳар бир савол атрофида кечган муҳокамалар майдонда ҳақиқий тафаккур рақобатини юзага келтирди.
Мусобақада илк бор қатнашган вилоят Педагогик маҳорат марказининг “Иқтидор ва интеллект” электрон илмий журнали жамоаси муносиб иштирок этиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Иккинчи ўрин Жиззах шаҳар телеканали жамоасига насиб этган бўлса, учинчи поғонадан Жиззах вилоят телерадиокомпанияси вакиллари жой олди.
Интеллектуал беллашув яна бир бор журналист учун тезкор фикр, кенг дунёқараш ва мустаҳкам билим энг катта куч эканини намоён қилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари