“Заковат”чи ва спортчи талабалар тақдирланди
Президентимизнинг 2022 йил 20 январдаги “Заковат интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, Наманган давлат университети талабаларининг спорт, илм-фан, маданият, санъат каби йўналишлардаги интилишларини қўллаб-қувватлашда ўз самарасини бермоқда.
Олийгоҳнинг анъанавий интеллектуал олимпиадада университетнинг “Заковат” жамоаси кетма-кет юқори натижаларга эришаётгани жамоанинг эрудит-квартет йўналиши турнирида иккинчи ўринни эгаллаганлиги, волейболчи қизлар жамоасининг Ўзбекистон кубоги мусобақаларида иккинчи бор зафар қучиб, бош совринни сақлаб қолиш имкониятига эга бўлгани, шунингдек, “Универсиада” ўйинларида университет гандболчи қизлар жамоаси кучли учликка кирганлиги бунинг яққол далилидир.


НамДУ талабаларидан тўрт нафар ўғил бола, беш нафар қиз бола волейбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасига қабул қилингани қувонарли. Бундай юксак муваффақиятлар замирида катта меҳнат, интилиш, ҳаракат, фидойилик бор. Шу ўринда, Наманган давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон Турғунов жорий ўқув йилида турли соҳаларда олийгоҳ нуфузининг ошишига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ спортчи ва истеъдодли талабалар билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларни тақдирлади.

Мулоқотда ректор қўлга киритилган ютуқларни эътироф этиб, ғолиб жамоа вакиллари ва совриндорларга ташаккурнома, эсдалик совғалари ва пул мукофотларини топширди. Наманган давлат университети Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан спортда қўлга киритилган юксак муваффақиятлар учун ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан олий таълим муассасалари орасида маънавий-маърифий йўналишда самарали иш ташкил этган энг яхши олийгоҳ сифатида эътироф этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА