“Ютуқли чек!” ғолиблари аниқланди
Урганч шаҳридаги "Хоразм" спорт мажмуаси стадионида “Чекни талаб қилинг – автомобиль ютинг!” ютуқли чек ўйини бўлиб ўтди.
Ўйинда 8 минг 963 та савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларидан харидни амалга оширган 505 минг 776 нафар харидорнинг “Солиқ” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган 4,8 миллионта харид чеклари иштирок этди.
Ўйин натижаларига кўра, хонқалик иштирокчи Жўрабек Ҳакимбоев ютуқли ўйиннинг бош соврини– автомобил соҳиби бўлди.
Шунингдек, ўйин давомида телевизор, велосипед, мобил телефонлари ҳам ўз совриндорларига тақдим этилди.
– Савдо дўконидан 44 минг сўмлик савдо қилган эдим, – дейди Жўрабек Ҳакимбоев. – Омадим келиб шу харидимга берилган фискал белгили чекимга ютуқ чиқди. Бундан жуда хурсандман. Аслида ҳар доим харидларим учун чек талаб қилишни унутмайман. Барча юртдошларимизга ҳам шуни тавсия этаман. Ажабмас, сизга ҳам омад кулиб боқса. Бундай имкониятдан фойдаланиш лозим. Ўйин ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, 2026 йилнинг 1 июлидан бошлаб, эксперимент тариқасида айнан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида чакана савдо, умумий овқатланиш ҳамда хизмат кўрсатиш объектларида берилган харид чеклари асосида ютуқли ўйинлар ўтказилмоқда.
Ғолиблар ҳар ой якунлангач, кейинги ойнинг 5-санасига қадар, ҳеч қандай инсон омилисиз, мутлақо электрон тизим орқали тасодифий танлаш, яъни рандом дастури асосида аниқланади ва мукофотлар шу ойнинг 10-санасида топширилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари