Юртбошимиз ишончига муносиб бўламан
Андижон вилояти аҳолисининг қарийб 55 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
Бутун мамлакатда бўлгани каби вилоятимизда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган.
Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбари сифатида айта оламанки бошқармамиз томонидан вилоят ҳокимлиги, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остида жорий йилнинг ўтган даврида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Айниқса, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш, муаммоларини бартараф этишга қаратилган эътиборга молик ишлар бажарилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 57 минг 158 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги 11 минг 161 нафар ёшга 289 миллиард 662 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди, 27 минг 37 нафар ёшга деҳқончилик қилиш учун 10 сотихдан, жами 2 минг 287,5 гектар ер майдони ажратиб берилди, 302 нафар ёшга иссиқхона ва томорқа хўжалигини ташкил этиш учун 1 миллиард 465 миллион сўм миқдорида субсидия берилди. 15 минг 990 нафар ёш “1+1” лойиҳаси доирасида салоҳиятли тадбиркор ва ҳунармандларга бириктирилди.
Бундан ташқари, 23 минг 704 нафар ёш тадбиркорлик ва бизнесга ўқитилиб, уларга сертификатлар тақдим этилди. Ана шу ёшлардан 10 минг 146 нафарига 259,2 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Шунингдек, 22 нафар умумтаълим мактаби битирувчисига 300 миллион сўм кредит ажратилди, 8 минг 568 нафар йигит-қиз касб-ҳунарга қайта ўқитилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида вилоятдаги 882 маҳаллада истиқомат қилувчи, турли муаммолари бор 41 минг 90 нафар ёш “Ёшлар дафтари”га киритилди. Бугунги кунга қадар уларнинг 36 минг 512 нафарига ёрдам кўрсатилиб, дафтардан чиқарилди. Қолган 4 минг 578 нафар ёшнинг муаммоларини ҳал этиб, “Ёшлар дафтари”дан чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Андижонда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, бандлигини таъминлашга қаратилган юқоридаги каби ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади. Бу энг аввало, ёшлар даромадини оширишга, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга, провардида мамлакатимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Ёшлар етакчиси сифатида олиб бораётган фаолиятим, камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, Юртбошимиз фармони билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлигимдан беҳад мамнунман. Ушбу мукофот нафақат менга, балки барча андижонлик фаол ёшларга берилган мукофотдир. Мукофот зиммамга катта масъулият юклайди, мени янада фаол бўлишга, юрт равнақи йўлида фидойилик билан меҳнат қилишга ундайди. Юртбошимизнинг мен каби бутун Ўзбекистон ёшлари – келажак бунёдкорларига кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлигига, бизга билдираётган ишончига муносиб бўлишга ваъда бераман.
Ойбек ЮЛДАШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари
агентлиги Aндижон вилоят бошқармаси бошлиғи,
“Шуҳрат” медали совриндори.
ЎзА