Юрт мард ўғлонларини ҳеч қачон унутмайди
Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди” шиори остида юрт тинчлиги йўлида фидойилик кўрсатган, хусусан, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг яқинлари ҳолидан хабар олди.
Жумладан, ҳарбий хизматчилардан иборат гуруҳ самарқандлик лейтенант Сайёр Садинов, лейтенант Маруфжон Раҳмонов, катта сержант Маруфжон Ражабов, сержант Улуғбек Барноев, кичик сержант Нодир Собиров, кичик сержант Акмал Мирзааҳмедов, кичик сержант Улуғбек Хасанов, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Лочин Ҳайитов, жиззахлик подполковник Самандар Кенжаев, капитан Зафар Боймуродов навоийлик кичик сержант Зокир Қаҳҳоров, кичик сержант Шерали Идиевларнинг хонадонида бўлишди.

Юрт ўғлонлари марҳум ҳарбий хизматчиларнинг ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳолидан хабар олиб, сафдошларининг хизмати давомида эришган ютуқларини хотирлашди.
Шунингдек, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонига бириктирилган ногиронлиги бор ёшлар ва уларнинг оила аъзоларига саховат кўрсатилди.

Ҳарбий либосдаги юрт ўғлонларининг ташрифидан суюнган ёшу қари бугунги осуда ҳаётимиз, тинчлигу осойишталигимизга шукроналар айтиб, қўлларини дуога очди.
Бу каби тадбирлар Марказий ҳарбий округ миқёсида давом этмоқда.
ЎзА