Юридик кадрларни қайта тайёрлаш институти вакиллари Шанхайдаги ўқув дастурида қатнашди
Бугунги рақамли технологиялар асрида ҳуқуқ тизимини ҳам замонавий талаблар асосида ривожлантириш юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш билан узвий боғлиқ. Шу боис, мамлакатимизда адлия ва юридик таълим соҳасини халқаро андозалар даражасига кўтариш, соҳа мутахассисларининг хориж тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти вакиллари Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрида ташкил этилган нуфузли ўқув дастурида иштирок этди.
Дастур доирасида институт директорининг биринчи ўринбосари Рустам Хурсанов “ШҲТнинг иқтисодиёт ва савдо соҳасидаги ҳуқуқий хизматларини мувофиқлаштириш механизмини шакллантириш — ҳуқуқий хизматлар ҳамжамияти ва тармоқлараро ҳамкорлик йўналишлари” мавзусидаги маъруза билан иштирок этди.

Мазкур мавзу Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида иқтисодий ва савдо муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий хизматларни мувофиқлаштириш ҳамда тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини қамраб олади.
Ушбу ўқув дастури институт ходимлари учун Хитойнинг замонавий ҳуқуқий тизими, рақамли технологияларни адлия ва суд тизимига жорий этиш тажрибасини яқиндан ўрганиш ҳамда орттирилган билимлар асосида институтнинг ички ўқув модуллари ва методикасини янгилаш ҳамда замонавийлаштириш имконини берди.

Шунингдек, ўқув дастуридаги мавзулар ҳуқуқий хизматлар соҳасида хорижий тажрибани ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш ва касбий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА