Юнон-рум курашчиларимизнинг улкан ғалабалари
Вьетнамнинг Дананг шаҳри мезбонлик қилаётган спорт курашлари бўйича U23 ёш тоифасидаги Осиё чемпионатида юнон-рум кураши бўйича беллашувлар якунига етди. Мусобақада Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида қитъанинг энг кучли жамоасига айланди.
Рустам Ассакалов бошчилигидаги терма жамоамиз мусобақа давомида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди. Якуний натижаларга кўра, вакилларимиз 189 очко жамғариб, биринчи ўринни эгаллади.

Қитъа чемпионатида ёш классикларимиз бир қатор вазн тоифаларида ҳал қилувчи баҳсларгача етиб борди. Хусусан, Ҳожиакбар Қўчқоров (-55 кг.), Айтжан Халмаханов (-67 кг.), Абдулло Алиев (-77 кг.) ҳамда Раҳимжон Узоқов (-87 кг.) ўз вазнларида олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Озодбек Халимбоев (-63 кг.) ва Азимжон Соатуллаев (-82 кг.) кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, Шаҳзод Қўчқоров (-72 кг.) бронза медалига сазовор бўлди.
Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўрин Қозоғистон терма жамоасига насиб этган бўлса, Қирғиз Республикаси вакиллари кучли учликка якун ясади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА