ЮНЕСКОда Мовароуннаҳр буюк алломалари мероси тақдимот қилинди
Давлатимиз раҳбари буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди. Шунингдек, Президентимиз ушбу бебаҳо хазинани жаҳон ҳамжамиятига танитиш мақсадида, Париждаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳи ҳамда БМТнинг Женева ва Нью-Йоркдаги нуфузли майдонларида тақдим этиш ташаббусини илгари сурган эди.
ЮНЕСКО Бош қароргоҳида 300 нафардан зиёд олим, дипломат ва етакчи халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини жаҳон ҳамжамиятига тақдим этиш йўлида муҳим босқич бўлди.
«Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» мавзусидаги мазкур халқаро конференция Марказий Осиё олимларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳамда илм-фан, маданият ва таълим соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланди.
Анжуманда ЮНЕСКО раҳбарияти, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, етакчи университетлар, илмий институтлар, музей ва кутубхоналар вакиллари қатнашди.
– Ушбу тадбир Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида илгари сурилган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди. Бу жуда муҳим ва тарихий қадамдир, – деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.
Конференция иштирокчиларига ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Президенти Ҳонгкер М. Талха жаноблари ҳамда ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси доктор Носир бин Ҳамад ал-Ҳинзоб табрик сўзлари билан мурожаат қилди.
«Бугун бизни асрлар давомида халқлар ўртасидаги мулоқотга асос бўлиб хизмат қилган умумий маънавий ва маданий мерос бирлаштириб турибди. Айнан ўзаро англашув ва ҳамкорлик руҳи ЮНЕСКО фаолиятининг асосини ташкил этади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган халқаро ташаббуснинг давоми бўлган бундай муҳим тадбирни ташкил этгани учун Ўзбекистон Ҳукумати ва ЮНЕСКОга самимий миннатдорлик билдираман, — дея таъкидлади Ҳонгкер М. Талха.

Шунингдек, конференция иштирокчиларига Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий вакили, Фавқулодда ва мухтор элчи Камол Мухторов ҳамда ЮНЕСКО Бош директорининг табиий фанлар бўйича ўринбосари, профессор Дениз Пирес де Карвалью мурожаат қилди.
Конференциянинг марказий воқеаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти бўлди. Унда халқаро ҳамжамиятга Марказнинг ўзига хос концепцияси, кенг кўламли илмий ва музей ишлари натижалари, шунингдек, фаолиятининг асосий йўналишлари тақдим этилди.
Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Низомий Марказий Осиёнинг маданий бойлигини алоҳида таъкидлади.
– Ислом цивилизацияси марказининг халқаро майдонда, хусусан, ЮНЕСКОда тақдим этилиши жуда муҳим. Ўзбекистонга бориб, марказни кўриш имконига эга бўлмаган инсонлар, ҳеч бўлмаганда уни ЮНЕСКОда кўришлари мумкин. Бу орқали Ислом цивилизациясининг тинчлик, илм-фан ва маданият тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси намоён этилмоқда. Шунингдек, Ислом цивилизациясини доимий қўллаб-қувватлаб келаётган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимни билдираман, – деди ISESCO бош директори доктор Салим Ал-Малик ўз маърузасида.
Шунингдек, Францияда Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан ҳам Ислом цивилизацияси марказининг халқаро аҳамиятини юқори баҳолади.
Конференциянинг илмий дастури Марказий Осиёнинг маънавий ва интеллектуал мероси, Ислом цивилизацияси марказининг илм-фан ва маданият соҳасидаги халқаро платформа сифатидаги ўрни, шунингдек, Мовароуннаҳр буюк алломаларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасига бағишланган учта тематик сессияни қамраб олди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА