Юксак мукофотлар эгаларига топширилди
Вилоят ҳокимлигида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 28 ва 29 август кунлари қабул қилинган фармонларига мувофиқ давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланган юртдошларимиз қаторида Жиззах вилоятидан ҳам турли соҳа вакиллари, фахрийлар ва ёшлар бор.
Вилоят ҳокимлигида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими ўтказилди. Унда депутатлар, сенаторлар, вилоят ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси Танзила Норбоева, вилоят ҳокими Эргаш Солиев иштирокчиларни энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз Мустақиллигининг 28 йиллиги билан табриклаб, Президентимиз номидан юксак мукофотларни эгаларига топширди.
Давлат мукофотига сазовор бўлганлар бу эътироф учун миннатдорлик билдириб, Ватанимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилган киши доим эъзоз ва ҳурматга лойиқлиги, муносиб тақдирланишини таъкидлашди.

– Президентимиз кекса авлод вакилларига юксак ҳурмат, эҳтиром кўрсатиб, улар билан маслаҳатлашиб келаётганидан биз катта авлод вакиллари беҳад миннатдормиз, – деди “Дўстлик” ордени билан тақдирланган меҳнат фахрийси Абдулла Қаршибоев. – Ушбу мукофотни давлатимиз раҳбари томонидан биз, қарияларнинг хизматимизга, ҳаётдаги ўрнимизга берилган юксак баҳо деб ҳисоблайман. Биз ўзимизнинг меҳнатимиз, ҳаёт тажрибасига асосланган маслаҳатларимиз билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол қатнашиб келяпмиз. Айниқса, ёшлар тарбиясига ҳиссамизни қўшишни ўз бурчимиз, деб биламиз. Ушбу мукофот мени давлатимиз томонидан халқимиз ҳаётини янада яхшилаш учун олиб борилаётган ишларда олдингидан ҳам фаол иштирок этишга ундайди.