Юксак ишончни амалий натижалар билан оқлаймиз
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, давлат ижтимоий хизматларининг сифати, кўлами ва қамровини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Президентимиз илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойили бугун ҳаётимизнинг устувор мезонига айланиб, ҳар бир фуқаронинг манфаатини таъминлашга хизмат қилаётган амалий тизим сифатида ўз ифодасини топмоқда.
Мазкур ислоҳотларнинг ёрқин намунаси сифатида Тошкент вилоятида илк бор замонавий Ижтимоий ҳимоя мажмуаси ташкил этилди. Ушбу мажмуада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси, ҳудудий Ижтимоий инспекция, Нурафшон шаҳри “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси ҳамда ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса аҳолига зарур хизматларни бир жойнинг ўзида, қулай, тезкор ва сифатли кўрсатиш имконини яратди.

Кеча Президентимизнинг ушбу мажмуага ташрифи давомида амалга оширилаётган ишлар, яратилган шароитлар ҳамда истиқболдаги вазифалар юзасидан тақдимот қилиш шарафи менга насиб этди. Давлатимиз раҳбарининг фаолиятимизга берган юксак баҳоси ва билдирган ишончи биз учун нафақат катта эътироф, балки янада масъулият билан ишлашга ундайдиган юксак ишончдир.
Белгилаб берилган устувор вазифалар ва берилган топшириқларни ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширишни энг муҳим бурчимиз деб биламиз. Кечаги самимий мулоқот бизга янги куч-ғайрат, қатъият ва масъулият бағишлади. Бу ишончни амалий натижалар билан оқлаш йўлида бор салоҳиятимиз, билим ва тажрибамизни сафарбар этамиз. Биз учун ижтимоий ҳимоя — шунчаки давлат хизмати эмас. Бу инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжманд инсоннинг дардига ҳамдард бўлиш, унинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашга кўмаклашишдек шарафли вазифадир.
Мажмуада бешта муҳим муассаса — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси, ҳудудий Ижтимоий инспекция, Нурафшон шаҳри “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси ҳамда ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази бир жойда фаолият юритмоқда. Бу эса аҳолига ижтимоий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида, ортиқча оворагарчиликсиз, тезкор ва сифатли кўрсатиш имконини яратди.
Энг муҳими, мазкур мажмуа фаолияти натижасида ҳар йили Нурафшон шаҳри ҳамда унга яқин жойлашган Ўрта Чирчиқ, Пискент, Оққўрғон ва Бўка туманларида истиқомат қилувчи қарийб 10 минг нафар фуқаро замонавий ва комплекс ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади. Бу эса аҳолининг давлат ижтимоий хизматларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиради, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий самарасини янада оширади.
Шу боис Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, ҳар бир топшириқ ижросини аниқ амалий натижалар билан таъминлаш йўлида жамоамиз билан биргаликда фидойилик, ташаббускорлик ва юксак масъулият билан меҳнат қилишда давом этамиз. Билдирилган юксак ишончни оқлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини янада халқчил, адолатли ва самарали тизимга айлантириш йўлида бор билимимиз, тажрибамиз ва салоҳиятимизни тўлиқ сафарбар этамиз.
Миразиз Мирсултонов,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи.