Ёзёвон тумани ҳокими фахрий ўқитувчини йўқлади
Мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, ёшларни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашдаги ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги қарори билан ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланган. Фарғона вилоятида ҳам жорий йил 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат” деган бош ғояни ўзида мужассам этган “Кексалар ҳафталиги” кенг нишонланмоқда.
Ёзёвон туманида бугунги кунда 9 мингдан ортиқ ёши улуғ инсонлар умргузаронлик қилиб келмоқда. Уларнинг 445 нафарини 80 ёшдан ошган кексалар ташкил этади. Таълим масканлари, маҳаллаларда ҳафталик доирасида алоҳида эътибор ва эъзоз кўрсатилмоқда. Тумандаги 7 нафар якка ёлғиз истиқомат қилаётган кексалар ҳолидан хабар олинди, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда.
“Мустаҳкам дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида ибратли ҳаёт кечираётган инсонлар кўплаб топилади. Бир умр ўқитувчилик касбига содиқ қолиб, ҳалол меҳнат қилганлардан бири Низомжон ота Жўраевдир. У киши нафақада бўлсада, доимо халқ орасида.

Ёзёвон туман ҳокими Дилшоджон Жалилов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шерзоджон Долимов Низомжон ота Жўраев хонадонида бўлди. У киши билан самимий суҳбатда ҳалол меҳнат инсонни улуғлаши яна бир бор эътироф этилди.
Отахон 39 йил мактабда физика фанидан дарс берган. Тўрт фарзанди ота изидан бориб, ўқитувчиликни танлашган, бири эса шифокор. Фахрий муаллим яхшигина боғбон экан. Томорқасига эккан қовун, қалампирдан яхши даромад олмоқда. Ёнғоқ, писта каби кўчатлар парваришланмоқда. Ўтган йилдан асалари боқишни ҳам бошлади. Отахон маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишларидан, ҳашар йўли билан мактаб қурилаётганидан хурсандлигини яширмади. Чунки туман ҳокимининг ташаббуси билан 35 –мактабда 140 ўринли янги мактаб биноси ҳомийлик асосида бунёд этилмоқда. Бу маҳалла кексаларини беҳад мамнун этмоқда.

– Сизларнинг дуоларингиз, ўгитларингиз бизга катта куч бағишлайди, –дейди туман ҳокими Д. Жалилов. – Кексалар бор жойда файз, барака бўлади. Мустаҳкам дўстлик маҳалласида ўзбек ва қорақалпоқ халқлари тинч-тотув, ҳамжиҳат бўлиб, яшаб келмоқда. Ёши улуғлар ҳар бир тадбирда бош бўлишмоқда. Нуронийларимиз бизнинг таянч устунларимиздир. Шукроналикларининг ўзида катта ҳикмат бор аслида.
М. Сулаймонов, ЎзА