Ёзги таътилда 156 мингдан ортиқ бола соғломлаштириш майдончаларига жалб этилади
Мамлакатимизда ёзги таътил даврида болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг дам олиши, ижодий ва жисмоний ривожланишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан оромгоҳларга жалб этилмаган ўқувчиларни қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги таълим муассасалари негизида 1 минг 242 та соғломлаштириш майдончаси ташкил этилиб, уларда 156 минг 475 нафар боланинг мазмунли дам олиши режалаштирилган.
Майдончаларда болалар учун спорт, санъат ва IT йўналишларида турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, уларга мўлжалланган қизиқарли кино ва мультфильмлар намойиш этилади.
Бундан ташқари, 208 та “Турон” мактаб театри ҳамда “Иқтидор” болалар ансамбли жамоалари иштирокида театр томошалари ва концерт дастурлари ташкил этилади.
Ёзги таътил давомида ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда 223 та “Келажак” марказида маданият ва санъат йўналишларидаги турли тўгараклар ҳам фаолият юритади.
Шу билан бирга, футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлаш мақсадида 208 та умумтаълим мактабида “Мухлислар майдони” лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу ташаббус доирасида 122 минг нафардан зиёд ўқувчи ёшларни қамраб олиш кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, соғломлаштириш майдончалари ташкил этиладиган мактаблар рўйхати тегишли манбаларда эълон қилинган. Бу ташаббуслар болаларнинг ёзги таътили мазмунли, хавфсиз ва қизиқарли ўтишига хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА