Ёзги соғломлаштириш мавсуми уюшқоқлик билан давом этмоқда
Қашқадарё вилоятида болаларнинг ёзги таътили мазмунли ва хавфсиз ташкил этилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Жорий мавсумда вилоятдаги 17 та стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳида 23 минг 170 нафар ўқувчининг дам олиши режалаштирилган. Улар орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, 4 минг 662 нафар боланинг оромгоҳларда дам олиши таъминланмоқда.
Мавсумни юқори савияда ташкил этиш мақсадида вилоятда махсус штаб ва тезкор ишчи гуруҳлар фаолият юритмоқда. Барча оромгоҳларда хавфсизлик, тиббий хизмат, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ҳамда болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши доимий назоратга олинган.
Бу йил оромгоҳларда болаларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, кулолчилик, ёш инноваторлар, муҳандислик ва ихтирочилик, китобхонлик, дизайн, зардўзлик, миллий ва замонавий рақслар каби янги тўгараклар ташкил этилди. Шунингдек, спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, театр ва концерт дастурлари, музейлар ҳамда тарихий қадамжоларга саёҳатлар йўлга қўйилган.
Айни кунларда Шаҳрисабз шаҳридаги “Беруний” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳам ёзги мавсум қизғин давом этмоқда. Мавсум мобайнида тўрт навбатда қарийб 2 минг нафар боланинг дам олиши режалаштирилган. Ҳар бир навбатда 400 нафардан ортиқ бола табиат қўйнида жойлашган оромгоҳда соғломлаштириш ва дам олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Оромгоҳда болалар учун барча зарур шароитлар яратилган. Тажрибали тарбиячилар раҳбарлигида турли танлов ва мусобақалар, қўғирчоқ театри, цирк томошалари, концерт дастурлари ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол, футбол ва киберспорт бўйича беллашувлар ўтказилмоқда. Рассомчилик ҳамда чет тиллари бўйича тўгараклар ҳам болаларнинг энг севимли машғулотларидан бирига айланган.
– Бу ерда жуда маза қилиб дам оляпмиз. Қизиқарли тўгараклар ва спорт мусобақаларида иштирок этиб, вақтни мазмунли ўтказяпмиз. Янги дўстлар орттирдик, турли танловларда қатнашиб, яхши натижаларга эришмоқдамиз, – дейди Қарши туманилик дам олувчи Ҳумоюн Қаҳрамонов.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар бир навбати 12 кундан иборат бўлган соғломлаштириш дастури болаларнинг нафақат мазмунли дам олиши, балки уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
[gallery-30139]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари