Ёзги Осиё ўйинлари: волейбол, регби ва сув полосидаги рақибларимиз маълум
"Аичи-Нагоя-2026" ёзги Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси ва жамоавий спорт турлари бўйича тегишли федерацияларнинг мутахассислари иштирокида футбол ва гандболдан кейин волейбол, регби ва сув полоси спорт турларига ҳам қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Осиёнинг 45 та мамлакат миллий терма жамоалари иштирокида ўтадиган XX ёзги Осиё ўйинларининг волейбол ўйинларига ташланган қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси “А” гуруҳида Япония, Покистон ва Қозоғистон жамоалари билан жой олди.

Регби-7 бўйича кечадиган баҳсларда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси “А” гуруҳида Гонгконг, Хитой ва Малайзия билан куч синашадиган бўлди.

Шунингдек, сув полоси мусобақаларида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси айлана тизимдаги баҳсларда Хитой, Япония, Сингапур, Қозоғистон ва Таиланд жамоаларига қарши ҳаракатланиш имкониятига эга чиқди.

Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь-4 октябрь кунлари Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтадиган XX ёзги Осиё ўйинларида қитъа спортчилари 43 та спорт турининг 71 та йўналишида рақобатлашади.
Т. Рўзиев, ЎзА