“Ёшлик” кўчасида 24 соатлик фаол ҳаёт
Ўзбекистонда шаҳар муҳитини янгича мазмун билан бойитиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва иқтисодий фаолликни сутканинг барча соатларига кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Ана шундай стратегик ёндашувлар замирида мамлакатимизда “тунги иқтисодиёт”ни ривожлантириш, яъни сутканинг 24 соатида ҳам фаолият кўрсатадиган кўчалар ва жамоат маконларини шакллантириш ғояси илгари сурилди.
Мазкур концепция миллий даражада Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у шаҳарсозлик, хизматлар соҳаси, гастрономик ва маданий туризмни уйғун ривожлантиришни кўзда тутади. Бугун бу ташаббус жойларда аниқ лойиҳалар, амалий қарорлар ва кенг қамровли бунёдкорлик ишлари орқали ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Шу маънода, Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев ташаббуси билан вилоят маркази — Жиззах шаҳрида замонавий шаҳар ҳаёти талабларига жавоб берадиган, 24 соат фаолият кўрсатувчи кўча ташкил этиш бўйича аниқ қадамлар қўйилди. Мазкур ташаббус маҳаллий ижро ҳокимияти даражасида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб, Жиззах шаҳар ҳокимининг 2025 йил 23 июндаги қарори билан расман тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, шаҳар ҳудудида хизматлар соҳасини ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли учун қулай шаҳар муҳитини яратиш мақсадида “Заргарлик” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Ёшлик” (“Талабалар”) кўчаси тун-у кун фаолият кўрсатувчи, савдо, кўнгилочар ва гастрономик ҳудуд сифатида белгиланди.
Айни кунларда мазкур ҳудудда кенг кўламли бунёдкорлик ва реконструкция ишлари бошлаб юборилган. Лойиҳа доирасида кўча замонавий дизайн ва архитектура ечимлари асосида қайта шакллантирилмоқда. Бу ерда кутубхона, савдо дўконлари, кафе ва умумий овқатланиш масканлари, амфитеатр, спорт майдончалари, велойўлаклар ҳамда дам олиш учун мўлжалланган очиқ жамоат маконлари, мусиқали фаворалар барпо этилади. Барча ишлар аҳоли учун хавфсиз, қулай ва жозибали муҳит яратишга қаратилган.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — шаҳар маданий ҳаётига янги нафас бағишлайдиган инфратузилманинг яратилишидир. Хусусан, йиллар давомида турли байрам тадбирлари ва концерт дастурларига мезбонлик қилиб келган Форум мажмуаси ўрнида эндиликда 3 минг ўринли, замонавий талабларга жавоб берадиган янги мажмуа қад ростлайди. Бу иншоот нафақат Жиззах шаҳри, балки бутун вилоятнинг маданий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳим жиҳат шундаки, “Ёшлик” кўчаси келгусида транспорт қатнови учун қайта очилмайди. У тўлиқ пиёдаларга мўлжалланган, сокин, хавфсиз ва аҳоли гавжум жамоат маконига айлантирилади. Бу эса жиззахликлар, шаҳар меҳмонлари, маҳаллий ва хорижий туристларга соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаган ҳолда, кечки сайр қилиш, дам олиш ва маданий ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратади.
Стратегик режаларга кўра, 2030 йилга бориб республика бўйлаб бундай кўчалар ва иқтисодий зоналар сони 320 тага етказилиши кўзда тутилган. Шу доирада 8 мингдан ортиқ 24 соат ишлайдиган кафе ва ресторанлар, 14 минг 200 та савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, 755 та автоҳавза ҳамда замонавий транспорт инфратузилмаси ташкил этилиши, йилига тахминан 190 минг нафар маҳаллий ва хорижий турист жалб қилиниши, 11 минг 300 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда.
Жиззах шаҳрида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа миллий даражада илгари сурилган тунги иқтисодиёт концепциясининг жойлардаги амалий ифодасидир. У шаҳар кўчаларини фақат ҳаракат йўли эмас, балки иқтисодий фаоллик, ижтимоий мулоқот ва маданий ҳаёт марказига айлантиришни мақсад қилади. Шу билан бирга, янги иш ўринлари яратилиши, тадбиркорлик фаоллигининг ошиши ва сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилади.
Кундан-кунга кўркамлашиб бораётган Жиззах шаҳри қиёфасидаги бу ўзгаришлар замирида битта устувор мақсад мужассам — инсон манфаати, аҳоли фаровонлиги ва юртимиз тараққиёти. Шубҳасиз, бу эзгу ишлар ўз самарасини беради ва Жиззахни 24 соат ҳаёт қайнаб турадиган замонавий шаҳарлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашга олиб чиқади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири