Ёшларнинг ютуқлари Ўзбекистондаги ўзгаришлар кўламини акс эттиради
Музаффар авлод
Ўзбекистондаги янгиланишлар шиддати жаҳон аҳлининг диққатини ўзига тортиб келмоқда. Мамлакатда улғаяётган янги авлоднинг халқаро майдонларда эришаётган ютуқлари эса янада каттароқ таассурот уйғотади. Таълим ва спортда Янги Ўзбекистон ёшларини дунё тан олмоқда. Улар ўз билими, истеъдоди ва меҳнати туфайли мамлакатимизнинг салоҳиятини шунчалик ёрқин намойиш этмоқдаларки, буни бир неча йил аввал ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин эди.
Яқиндагина бўлиб ўтган воқеалар — шахмат олимпиадаси ва Осиё ўйинларидаги зафарлар ҳам шундан дарак беради. Бизнинг ёш ватандошларимиз жаҳон миқёсида рақобат кучаяётган ва шунчаки табиат ато этган истеъдоднинг ўзи муваффақият учун етарли бўлмаган майдонларда ўзларини кўрсатишди. Бунинг учун кўп йиллар давомида шуғулланиш, устозлардан ўрганиш ва маслаҳат олиш, юқори талабларга жавоб бера олиш, энг кучлилар қаторида бўлишга астойдил интилиш даркор. Шундай экан, ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти ортида оиласи, мактаби, мураббийси, университети ва давлатимизда йўлга қўйилган мунтазам тайёргарлик тизими турибди.
Ёшларимиз — дунё элитаси қаторида
Бу, айниқса, яқинда Самарқандда бўлиб ўтган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида яққол намоён бўлди.
Англиялик гроссмейстер ва профессионал шахмат шарҳловчиси Дэвид Хауэлл мусобақанинг энг ҳал қилувчи баҳсларидан бирида Нодирбек Абдусатторовнинг жаҳон экс-чемпиони Дин Лижэнь билан ўйнаган партиясини кузатар экан, ижтимоий тармоқларда шундай пост эълон қилди: “Агар қачондир ўғил фарзанд кўрсам, унинг исмини Нодирбек қўйишим керак бўлади. Бу эса унинг олий даражадаги шахматчи бўлишига кафолатдир”.
Ушбу сўзларнинг аҳамияти уларни айтган муаллифнинг кимлигини ҳисобга олсак, янада ойдинлашади. Дэвид Хауэлл 16 ёшида гроссмейстер бўлган. Ўшанда, 2007 йили бу унвонни олган энг ёш британиялик эди. Унинг энг юқори рейтинги 2712 пунктга етган. Уч марта Буюк Британия чемпиони бўлган ва энг йирик жамоавий турнирларда терма жамоа аъзоси сифатида қатнашган. Сўнгги йилларда Хауэлл шахмат эксперти ва шарҳловчиси бўлиб фаолият юритмоқда. Яъни у ҳар куни шахмат усталарининг ўйинларини кузатади ва миллионлаб қизиқувчилар учун ўйинни профессионал тарзда шарҳлаб беради. Шундай экан, унинг баҳоси Нодирбекни жуда юқори даражадаги рақиб билан мураккаб партияни ўйнашга қодир бўлган шахматчи сифатида эътироф этишидир.
Бунинг устига, ўша куни Ўзбекистон бирданига иккита Нодирбекнинг қобилиятини намойиш қилди. Нодирбек Абдусатторов Дин Лижэнь устидан ғалаба қозонган бўлса, Нодирбек Ёқуббоев бизнинг жамоага муҳим очко олиб берди. Натижада Ўзбекистон терма жамоаси энг кучли жамоалардан бирини 3:1 ҳисобида мағлуб этди.
Бу ғалаба — тарихий иштирокнинг бир эпизоди, холос. Ўз “уйимизда” ўтган олимпиадада 200 дан зиёд давлатлардан келган 2 000 га яқин шахматчилар қатнашди ва Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи марта Олимпия чемпиони бўлди. Мусобақада жуда кучли гроссмейстерлар ва амалдаги жаҳон чемпиони қатнашди. Самарқандда бу мусобақаларни 60 мингдан зиёд маҳаллий ва хорижий меҳмонлар бевосита кузатиб борди, вилоятларда эса юз минглаб ватандошларимиз кўришди. Миллионлаб мухлислар олимпиадани телевидение ва интернет орқали томоша қилди.
Британиянинг “The Guardian” нашрида Ўзбекистоннинг Самарқанддаги олимпиадада эришган ғалабаси “триумф” деб аталди. ОАВда хабар беришларича, мусобақа давомида Ўзбекистон терма жамоаси Ҳиндистон, Хитой ва АҚШдан келган амалдаги Олимпия чемпионларини ҳам мағлуб этди. Бундай натижа турнир кўламининг ниҳоятда кенглиги шароитида, айниқса, аҳамиятлидир. Негаки, очиқ биринчиликда 206 та жамоа қатнашди. Ўзбекистон жамоаси Ҳиндистон, Германия, АҚШ, Хитой ва бошқа давлатларнинг терма жамоаларидан олдинда бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев чемпионларни қабул қилар экан, ушбу ғалабанинг аҳамиятини аниқ ифодалади. “Янги Ўзбекистонда қандай буюк шахмат мактаби, шахматчилар авлоди шаклланганига бутун дунё тан берди”, дея таъкидлади Ўзбекистон етакчиси.
Дарҳақиқат, битта истеъдодли спортчи ҳар қайси мамлакатда бўлиши мумкин ва бунга жаҳон спорти тарихида мисоллар кўп. Лекин битта машҳур шахматчидан сўнг бошқа кучли ўйинчилар чиқиши, кейин эса терма жамоаларнинг муваффақиятлари, халқаро майдондаги кетма-кет ғалабалар, юқори тоифали шахмат усталарининг шаклланишини алоҳида шахсларнинг истеъдоди, дея изоҳлаб бўлмайди. Бундай натижа ортида мактаб турибди, унинг ортида эса бутун бир тайёргарлик тизими бор. Ва бу тизим ўз-ўзидан пайдо бўлмайди.
2018 йилдаёқ мактабларда шахмат ўргатиш жорий этилган эди. Тренерлар тайёрланди, шахмат клублари ривожлана бошлади. Кейинги ўн йилда 17 нафар ўзбек шахматчиси халқаро гроссмейстер унвонини олди, улардан 5 нафари қизлар.
Кейинги вазифа Ўзбекистонни шахмат бўйича дунё марказига айлантиришдан иборат бўлди. Ҳар бир вилоят, туман ва маҳаллада истеъдодли болаларни аниқлаш, уларга кучли мураббийлар тайинлаш ва халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун имкониятлар яратиш йўлга қўйилди. Аёллар шахмати ва парашахматни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Самарқанд, Хоразм ва Фарғонада Тошкент халқаро шахмат академиясининг филиалларини очиш ва олий тоифали тренерлар тайёрлашни такомиллаштириш кўзда тутилмоқда. “UzbekistanGrandChess” миллий бренди остида ўтадиган халқаро мусобақалар мунтазамлик касб этиши лозим. Шунингдек, Янги Тошкентда замонавий шахмат саройи қуриш таклифи ҳам билдирилди.
Мамлакатимизда шундай муҳит яратилиши керакки, унда истеъдодли бола биринчи машғулотдан бошлаб, то халқаро майдонларгача бўлган йўлни адашмай босиб ўта олсин.
“Euronews” репортажида қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг иштироки 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг энг асосий воқеаларидан бири бўлиб қолди. Нашр .вакиллари, айниқса, Нодирбек Абдусатторовга алоҳида эътибор қаратди. У биринчи тахтада рақиб жамоаларнинг энг кучли шахматчиларига қарши ўйнаб, бирорта партияда ютқазмади ва алоҳида индивидуал олтин медални қўлга киритди. Европа ОАВда гроссмейстернинг қуйидаги сўзлари иқтибос сифатида келтирилди: “Ўйлашимча, энди биз Ўзбекистон учун шахмат оламида ўзига тенг келадигани йўқ дея оламиз”.
Шу каби ютуқларга ватандошларимиз фақатгина шахмат тахтаси устида эришаётганлари йўқ. Яқинда Ўзбекистон спорт делегацияси Японияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида иштирок этди. 45 давлатдан келган 11 мингга яқин спортчилар қатнашган ушбу мусобақаларда юртдошларимиз 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медали — жами 70 та мукофотга сазовор бўлди ва умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади.
Биздан олдинда — Хитой, Япония, Корея Республикаси ва Ҳиндистон. Бу давлатлар аҳолиси кўп бўлиб, кучли спорт мактаблари ва спортчилар тайёрлаш учун катта имкониятларга эга. Ўзбекистоннинг натижаси — Марказий Осиё мамлакатлари ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари орасида энг яхши кўрсаткичдир. Медаллар сонига кўра, мамлакатимиз спорт анъаналари бой бўлган кўпгина давлатларни ҳам ортда қолдирди.
Албатта, ҳар қайси медаль ортида шахснинг ҳаёт йўли туради. Ҳар бир чемпионнинг ўз шахсий тарихи, мураббийлари, қариндош-уруғлари, машғулотлар давомийлиги, феъл-атвори бор. Лекин ҳар хил спорт турларида муваффақиятнинг такрорланиши муҳит ўзгараётганини кўрсатади.
Спортдаги ютуқларни бошқа ўзгаришлардан алоҳида кўриб чиқиш нотўғри. Шахмат, Олимпия медаллари, халқаро илмий мусобақалар — буларни битта жиҳат боғлаб туради. Яъни, бу соҳаларда натижа анча кейин, ишлар бошланганидан сўнг йиллар ўтгач, намоён бўлади. Энг биринчи, болаларча қизиқиш билан халқаро майдондаги ғалаба ўртасида узундан-узун йўл бор. Айнан шунинг учун ҳам ёшларнинг ютуқлари ҳақида сўз кетса, мактабни эсламай илож йўқ.
Ўн йиллик йўл
Жаҳон тарихида айнан таълимга таяниш миллатнинг шиддатли тараққиётидаги бош омилга айланганига оид мисоллар талайгина. Бундай ҳолат жаҳон миқёсида технологик ва саноат тараққиётида етакчи давлатлардан бири бўлган Жанубий Кореяда ҳам кузатилган. БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун ўз ватанининг босиб ўтган йўлини эслар экан: “Бизнинг сиримиз — таълимда” деган эди. У ўз чиқишларида мамлакат тараққиётини таълимга киритилган инвестициялар ва малакали ишчи кучини шакллантириш билан боғлагани кўпчиликка маълум.
Бугун Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижалари ҳақида гап кетганда, дастлаб иш нимадан бошланганини эсга олиш лозим. Бундан ўн йил олдин мактаб ўқувчиси қишлоқ хўжалиги ишлари учун ойлаб дарсларни қолдириши мумкин эди. Кўплаб битирувчилар учун олий ўқув юртига кириш шунчалик қийин вазифа эдики, аттестат олишдан анча олдин ўқишга интилиш сўниб борарди. Ўқитувчи касби эса жамиятда обрўсини йўқотди, ваҳоланки, у ҳақли равишда мамлакатнинг илғор қатлами бўлиши керак эди.
Ўзимизга савол берайлик. Ўтган ўн йил ичида нималар ўзгарди? Мактаб ўзига хос бўлмаган мажбуриятлардан озод этилди, педагог мақомини мустаҳкамлаш борасида изчил ишлар бошланди, таълим муассасалари қурилиб, модернизация қилинди. Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари пайдо бўлди. Олий таълим олиш имкониятлари кенгайди, хусусий сектор жадал ривожлана бошлади. Сўнгги ўн йилда мамлакатда 1,8 миллион ўринли боғчалар ва 1,5 млн. ўқувчи таҳсил оладиган мактаблар барпо этилди, 10 мингдан ортиқ таълим муассасалари замонавий қиёфага эга бўлди. Олий ўқув юртлари сони 77 тадан 205 тага, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи эса 45 фоизга етди.
2026 йилда ўзбекистонлик ёшлар нуфузли халқаро олимпиадаларда 228 та медални қўлга киритди. Мактаб давридаёқ хорижий тиллар ва фанлар бўйича сертификат олган ўқувчилар сони 100 минг нафарга етди. Мактаб битирувчиларининг қарийб 5 минги олий ўқув юртларига киришда энг юқори баллни тўплади. “PISA” тадқиқотларида 15 ёшли ўзбекистонлик ўқувчилар табиий-илмий саводхонлик бўйича 32 поғона юқорилаб, 48-ўринни эгаллади.
Бундай кўрсаткичлар ва ютуқлар ортида бир неча йил олдин биринчи синфга келган болалар турибди. Уларга йўл кўрсатган ва билим олишга руҳлантирган ўқитувчиларнинг ҳам мақоми ўзгармоқда. Беш йил ичида халқаро ва миллий сертификатларга эга педагоглар сони 29 мингдан 143 мингга етди. Мактабларда педагогик кадрлар етишмовчилиги уч баробар камайди. Бугун 40 минг ўқитувчи 1 минг доллар миқдорида, яна 1,5 минг педагог эса 2 минг доллардан ортиқ маош олмоқда. Албатта, моддий томон касб нуфузининг ягона мезони бўла олмайди. Бу касб билим, профессионализм, ўз устида доимий ишлаш ва бола билан мулоқот ўрнатиш кўникмасини талаб қилади. Бироқ жамият бундай машаққатли меҳнат муносиб баҳоланишини кутишга ҳақли.
Президентимиз ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан қутлар экан, ўсиб келаётган авлодни тарбиялашда уларнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади. Билим, маърифат, тарбия ва маданият Янги Ўзбекистон салоҳиятини ошириш ва куч-қудратининг энг муҳим манбаларидан бири экани қайд этилди. Бир неча йил олдин бу умумий гапдек эшитилиши мумкин эди. Бугун эса унинг ортида бир қатор аниқ қарорлар, қадамлар турибди. Таълим мазмуни янгиланаётганда дарсликлар ва дастурлар ўзгармоқда, ўқитиш методикалари такомиллашмоқда, билимларни баҳолаш тизими қайта кўриб чиқилмоқда. Ушбу ишлар доирасида 110 минг нафар бошланғич синф ўқитувчиси малака оширди. Сингапурлик ҳамкорлар билан биргаликда 121 мастер-тренер ва 739 мураббий-ўқитувчи тайёрланди, улар кейинчалик 90 минг педагогни ўқитди.
Жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Бироқ бугун давлат таълим тизими олдига замон руҳига мос бошқача саволларни қўймоқда. Мактаб қуриш, уни жиҳозлаш ва ўқувчини партага ўтқазишнинг ўзи етарлими? Албатта, йўқ. Эндиликда таълим сифати, ўқитиш мазмуни ва битирувчининг олган билимларини реал ҳаётда қўллай олиш қобилияти энг асосий масалага айланаётгани яққол кўриниб турибди.
Яқинда эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ислоҳотларнинг ҳозирги босқичини янги даражага кўтаради. Ҳужжат билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ягона — Таълим ва илм-фан вазирлиги этиб қайта ташкил этилди. Бинобарин, мактабгача таълим, мактаб, касбий таълим, олий мактаб ва илм-фан ягона тизим сифатида қаралиши лозим. Бола таълимнинг бир нечта босқичларидан ўтади ва уларнинг ҳар бирида зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши, бир даражадан иккинчисига ўтиш эса мантиқий ва изчил бўлиши шарт. Янги вазирлик таълимнинг барча даражалари фаолиятини ташкиллаштириш, таълим фаолиятига қўйиладиган талабларни белгилаш, аккредитация ва лицензиялашни амалга ошириш учун жавобгар бўлади.
Шу билан бирга, Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилмоқда. У ўқув дастурлари, дарсликлар ва методик материалларни ишлаб чиқувчи, уларни амалиётга жорий қилувчи, натижаларни кузатиб борувчи ва аниқланган камчиликларни ҳисобга олган ҳолда тизимни такомиллаштирувчи ўзига хос лабораторияга айланади. Таълим сифатини тушунишда муҳим бурилиш содир бўлаётгани ҳақида гапириш мумкин. Мактабда дарсликлар бор-йўқлиги ва дарс ўтилганини текшириш осон. Бироқ бола якунда нимани ўрганганини ва билимларини дарсликдан ташқарида қўллай олиши мумкинлигини аниқлаш анча мураккаб масала. Ўқув материалларини янгилаш айнан шундай натижаларга йўналтирилади.
Фармонга изоҳда айтилганидек, 2027 йилгача 1342 номдаги дарсликлар ва ўқув-методик материалларни тайёрлаш режалаштирилган. Бошланғич синфлар учун дарсликлар Финляндия таълим альянси томонидан сертификатдан ўтказилди, 5 — 7-синфлар учун математика, физика, кимё ва биология бўйича ўқув материаллари эса Сингапур дарсликлари асосида ишлаб чиқилди. Уларда танқидий фикрлаш, коммуникация, ҳамкорлик ва ижодий ёндашувни ривожлантиришга қаратилган топшириқлар кўпроқ. Касбга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 300 дан ортиқ мавзулар экологик билимдонликка бағишланган, молиявий ва рақамли саводхонлик элементлари киритилмоқда. Замонавий мактабда болага маълум ҳажмдаги маълумотни беришнинг ўзи етарли эмас. Уни ахборот билан ишлашга, хулоса чиқаришга, қарор қабул қилиш ва улар учун жавобгар бўлишга ўргатиш керак. Бу ўринда яна ўқитувчи биринчи ўринга чиқади. Сунъий интеллект тезда жавоб топади, ҳисоб-китоб қилади ёки тезис шакллантиради. Бироқ тарбия, инсоний меҳр, болани тушуниш, унга қийин паллада кўмак бериш ва унда билимга қизиқишни уйғотиш шундай бир жараёнки, у ерда сунъий мия ҳеч қачон педагогнинг ўрнини босолмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: ҳеч бир технология боланинг қалбига устоз каби йўл топа олмайди.
Ислоҳотлар натижага айланмоқда
Кенг кўламли ўзгаришлар касбий таълим ва олий ўқув юртларида ҳам давом этмоқда.
Яхши таълим инсонни мустақил касбий ҳаётга тайёрлаши керак. Иқтисодиёт учун эса ёш мутахассис корхонага нафақат диплом, балки ҳақиқий иш жараёнини англаган ҳолда келиши, айниқса, муҳим.
Ана шу эҳтиёжлар дуал таълимни ривожлантиришга қаратилган сиёсатга асос бўлмоқда. Уч ой аввал Ўзбекистоннинг ўн нафар ректори тегишли тажрибани ўрганиш учун Германияга юборилди. У ерда битирувчиларнинг 70 — 75 фоизи диплом олганидан сўнг ўқиш даврида амалиёт ўтаган корхоналарида ишлашни давом эттиради.
Ўзбекистон учун бундай модель алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Андижон вилоятининг ўзидаёқ 11 минг талаба 2 мингта корхонада амалиёт ўтамоқда. Учинчи ва тўртинчи курс талабаларининг камида 80 фоизини — 185 минг нафар ёшни дуал таълим билан қамраб олиш мақсад қилинган. 2027/2028 ўқув йилида бу ишга 75 та олий ўқув муассасаси ва 3,5 мингта корхонани жалб этиш режалаштирилмоқда.
Янги модель бўйича корхона, университет ва талаба ўртасида шартнома тузилади, таълим дастури иш берувчининг эҳтиёжларини ҳисобга олади, иш жойида эса ёш мутахассисга малакали устоз-мураббий бириктирилади. Бундай модель барча учун манфаатли. Корхона учун бу керакли мутахассисни олдиндан тайёрлаш, талаба учун ҳали ўқиш давридаёқ касбий кўникмаларни эгаллаш имкониятидир. Университетга эса иқтисодиётда нима содир бўлаётгани ва қандай малакага эга кадрга ҳақиқатан ҳам талаб юқори эканини яққол англаш фурсатини беради.
Давлат, ўз навбатида, кадрлар тайёрлаш жараёнида корхоналар иштирокини кенгайтиришдан манфаатдор. Бундай ёндашув, айниқса, муҳандислик, ишлаб чиқариш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун муҳим. Зеро, диплом билан ҳақиқий малака ўртасидаги тафовут бу соҳаларда имкон қадар кичик бўлиши керак.
Шу билан бирга, Ўзбекистон халқаро таълим тизимларининг юртимиздаги иштирокини кенгайтирмоқда. Мамлакатимизга дунёнинг 300 та етакчи университетини жалб этиш вазифаси қўйилган. Бунда муҳандислик, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, сунъий интеллект ҳамда тиббиёт йўналишларига устувор аҳамият берилади.
Миллий олий таълим тизимига дунёдаги энг кучли амалиётлар билан ўзини солиштириш, талабага эса турли таълим моделлари орасидан танлаш имконияти яратилмоқда. Бунга олий ўқув муассасаларининг янада мустақил бўлиши ҳам хизмат қилиши керак. Университетларнинг жорий фаолиятига давлат аралашувини сезиларли даражада қисқартириш, уларнинг мустақиллигини кенгайтириш ва хусусий сектор иштирокини ошириш кўзда тутилмоқда.
Таълим сифати кўпроқ рақобат муҳити ва бозор талаблари орқали белгиланади. Бундай ёндашув айрим саволларни келтириб чиқариши мумкин. Ахир, таълим жамият учун катта аҳамиятга эга ва давлат бу жараёндан бутунлай четга чиқиб кета олмайди. Бироқ ўзгаришлар бундай мақсадни назарда тутмаяпти. Давлат умумий қоидаларни белгилаш, сифатни назорат қилиш, лицензиялаш ва аккредитациядан ўтказиш, таълимнинг оммабоплиги ва ҳамма учун очиқлигини таъминлаш, стратегик аҳамиятга эга йўналишларни қўллаб-қувватлаш вазифаларини сақлаб қолади. Айни пайтда университетларга қарор қабул қилишда кўпроқ эркинлик берилади ва натижа учун масъулият ҳам ошади.
Жаҳон амалиётида бундай ёндашув кенг тарқалган. Ривожланган таълим тизимларида давлат университетлар ҳаётининг ҳар бир тафсилотини бошқаришга уринишлардан аста-секин воз кечиб, стратегик тартибга солиш ва сифат назоратини ўз зиммасида сақлаб қолган. Олий ўқув муассасаларига таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ресурсларни бошқариш ва ривожланиш йўналишларини танлашда кўпроқ мустақиллик берилган. Шу билан бирга, улар битирувчиларни тайёрлаш сифати ва уларга меҳнат бозоридаги талаб даражаси бўйича анча қатъий баҳолана бошланган.
Бу борада Буюк Британия тажрибаси, айниқса, ибратли. У ерда университетлар мустақиллигининг кенгайтирилиши сифатни баҳолаш, натижалар шаффофлигини таъминлаш ҳамда олий таълим муассасаларининг талабалар ва жамият олдидаги масъулиятини ошириш механизмларини яратиш билан бирга олиб борилди. Албатта, ҳар бир мамлакатнинг ўз таълим тизими, иқтисодиёти ва анъаналари бор. Бироқ таълим тизими қанчалик етуклашиб борган сари унинг ҳар бир тафсилотини бошқаришга эҳтиёж шунчалик камайиб, якуний натижа учун масъулиятнинг аҳамияти шунчалик ортиб боришига асосланган ёндашув алоҳида эътиборга лойиқ.
Агар университет ҳар қандай жиддий ташаббусни йиллар давомида келишишга тўғри келишини билса, у муқаррар равишда ўз суръатини йўқотади. Замонавий таълим дастурларини мустақил равишда очиш, кучли мутахассисларни таклиф этиш, корхоналар ва хорижий университетлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳуқуқига эга университет эса иқтисодиёт эҳтиёжларига тезроқ жавоб бериш имкониятига эга бўлади.
Рақобат тамойили янада кучайтирилади. Бунда талаба университетни танлайди, университет эса ўз фаолияти сифатини исботлаши керак бўлади.
Шу маънода, таълим тизимини қайта қуриш кенг ислоҳотлар мантиғининг бир қисми ҳисобланади. Давлат тобора кўпроқ қарорларни улар учун масъулиятни бевосита ўз зиммасига оладиган жойнинг ўзида қабул қилиш учун шароитларни яратишга интилиб бормоқда. Агар бугун мактаб болага мустақилликни ўргатаётган бўлса, университетда битирувчи учун кўпроқ эркинлик ва масъулият берилса, бу жараёнларнинг ўзаро боғлиқлиги мутлақо табиийдир.
Таълим ва ёшларни тайёрлаш борасидаги ўзгаришлар мамлакат ташқарисида ҳам янги авлодни шакллантиришнинг кенгроқ жараёнининг бир қисми сифатида баҳоланаётгани эътиборли. Испаниянинг “El Mundo Financiero” нашрида бу жараён “Мустақиллик авлоди” деб аталиб, уни мустақил Ўзбекистон билан тенгдош бўлган ва мамлакатда рақамлаштириш, IT соҳаси ҳамда янги иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланаётган авлод сифатида таърифланади. Нашр баҳосига кўра, айнан ёш ўзбекистонликлар мамлакатнинг анъанавий маданий кодини глобал технологиялар, тадбиркорлик ва креатив индустриялар билан уйғунлаштирмоқда.
Айни нуқтаи назар таълим тизимида юз бераётган ўзгаришларни англаш учун муҳим. Бу тизим очиқ, рақамли ва рақобатбардош иқтисодиётда меҳнат қила оладиган авлодни тайёрлаши керак. Мамлакатнинг очиқлиги, технологияларнинг ривожланиши ва ёшлар учун имкониятларнинг кенгайиши бу авлод учун табиий муҳитнинг ажралмас қисмига айланмоқда.
Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар кўлами шу қадар кенгки, ҳатто воқеаларни диққат билан кузатиб бораётган одамга ҳам бутун манзарани бирданига қамраб олиш қийин — улкан бунёдкорлик жараёнларининг ниҳоятда кўп қисми бир вақтнинг ўзида кечмоқда. Мактаб, университетлар ва меҳнат бозори ўзгармоқда. Халқаро алоқалар кенгаймоқда, спорт ривожланмоқда. Мамлакатга хорижий университетлар ва янги таълим дастурлари кириб келмоқда. Тобора кўпроқ ёшлар халқаро мусобақаларда ўз қобилиятларини намоён этиш имконига эга бўлмоқда.
Бугунги демографик ҳолатни ҳисобга олганда, кўп сонли ёш аҳоли мамлакат учун улкан устунликка айланиши мумкин. Айниқса, уларга сифатли таълим олиш, ишлаш, ривожланиш ва ўз қобилиятларини намоён қилиш имконияти яратилса, бу салоҳият янада катта аҳамият касб этади.
Бугунги кунда барча саъй-ҳаракатлар айнан шу мақсадга қаратилган. Яқин вақтларга қадар мамлакатимизни кўпчилик, аввало, Марказий Осиёнинг бой тарих, маданият ва катта табиий ресурсларга эга йирик давлати сифатида тасаввур қилар эди. Энди бу қиёфага яна бир мазмун қўшилмоқда — Янги Ўзбекистон билим, инсон капитали, ёш авлоднинг қобилиятлари ва рақобат муҳитини босқичма-босқич шакллантиришга таянаётган давлат сифатида тобора кўпроқ намоён бўлмоқда. Шубҳа йўқки, Дэвид Хауэллнинг Нодирбек ҳақида айтган сўзлари вақт ўтиши билан мутлақо бошқача маъно касб этади — ўзбек исмлари мамлакатимиз чегараларидан анча узоқларда ҳам машҳур бўлиб боради. Ва ҳар сафар шундай исмни эшитган одамлар ҳайрат ва ҳавас билан ўзбек ёшларига буюк чўққилар сари йўл очиб берган Ўзбекистон ҳақида янада кўпроқ тасаввурга эга бўлишга интилади.
Сўз айтгум хайрли саодатингга,
Салоҳият, билим, қаноатингга,
Олам лолу ҳайрон шижоатингга,
Сенга жўр бўлгуси бахтиёр ҳаёт,
Олға юр, тўхтма, музаффар авлод!
Биламан, неча минг заҳматларинг бор,
Меҳнатингга арзир рағбатларинг бор,
Муҳими, улуғвор мақсадларинг бор,
Сўнмас орзуларинг бағишлар қанот,
Олға юр, тўхтама, музаффар авлод!
Ким бунда мудрайди ғафлат, ғам босиб,
Яша қувонч билан, бахтда дил ёзиб,
Вориси бўл аждодларнинг муносиб,
Уйғон энди сен ҳам ва албат уйғот,
Олға юр, тўхтама, музаффар авлод!
Юртбошинг қўллови — чин ишонч йўли,
Баланд бўлар доим миллатнинг қўли,
Юксал Янги Ўзбекистон мисоли,
Сендадир келажак, сендадир нажот,
Олға юр, тўхтама, музаффар авлод!
Ўткир РАҲМАТ.