Ёшларнинг ҳуқуқий билимлари оширилди
Наманган шаҳрида вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган “Ёшлар ҳуқуқий сайли” мингдан зиёд ўғил-қизларни бир манзил, бир маконда бирлаштирди.
Қайд этиш жоиз, жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни янада ошириш, аҳолига, айниқса, ёшларга ҳуқуқий ахборотни, шу жумладан, юртимиздаги конституциявий ислоҳотларнинг моҳиятини етказиш ҳамда ёш авлод онгида қонунга ҳурмат ҳиссини шакллантириш борасида адлия идоралари томонидан қатор хайрли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

“Ёшлар ҳуқуқий сайли”да вилоят адлия бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, олий таълим муассасалари, давлат идоралари мутасаддилари, талаба- ёшлар ҳозир бўлди.
Тадбирда қонунчиликда ёшларга яратилаётган имтиёзларнинг мазмуни, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда бўш вақтдан унумли фойдаланиш, қонунчиликдаги янгиликлар, миллий қадрият ва анъаналарга ҳурмат, ватанпарварлик, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ўғил-қизларда сиёсий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларидан фойдаланишнинг амалий кўникмаларини шакллантириш юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ҳарбий оркестр ижросидаги жарангдор куйлар ҳамда аскарларнинг чиқишлари сайлга ўзгача руҳ ва кайфият улашди.

Бундан ташқари, вилоятдаги олий таълим муассасалари, Наманган юридик техникуми томонидан ташкиллаштирилган кўргазмали бурчаклар иштирокчиларга мазкур ўқув муассасалари билан яқиндан танишиш имконини берди. Шунингдек, вилоят архив иши ҳудудий бошқармасининг кўргазмаси орқали тарихий ҳужжатлар, таълимга оид қўлланмалар, матбуот нашрларининг аввалги кўриниши ва ўша замоннинг фотолавҳалари билан таништирилди.
Ҳунармандлар тайёрлаган “Чуст дўпписи”, “Чуст пичоғи” каби миллий маҳсулотлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Айниқса, ёшларнинг билим салоҳиятини синовдан ўтказган “Ҳуқуқий заковат” ўйини кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Унда, олий таълим муассасалари ва юридик техникум талабалари ҳуқуқ, география, тарих борасида ўзаро баҳслашди.

Танлов натижаларига кўра, Наманган давлат университети жамоаси ғолиб чиққан бўлса, фахрли иккинчи ўрин вилоят адлия бошқармаси жамоаси, учинчи ўрин эса Наманган муҳандислик-технология институти ҳамда Наманган давлат чет тиллар институти талабаларига насиб этди.
Тадбир якунида “Ёшлар ҳуқуқий сайли”нинг фаол иштирокчилари ҳамда танловлар ғолиблари Наманган вилоят адлия бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири