Ёшларнинг ҳаёт кўникмаси янада ошди
Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида истиқомат қилувчи, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 100 нафар ёшлар учун ташкил этилган 10 кунлик “Жасорат мактаби” ўқув-йиғини якунланди. Ушбу ўқув-йиғини вилоят ҳарбий маъмурий сектори ҳамда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан ташкил этилди.
Шароф Рашидов туманидаги “н” ҳарбий қисмда ўтказилган тадбир давомида ўқувчилар миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган аскар ва офицерларнинг ҳаёти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Чунончи, йиғин қатнашчиларига ҳарбий қурол-яроғлар ва техникалар ҳақида маълумот берилди.

Бундан ташқари, жанговор спорт ўйинлари, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда касбга йўналтиришга қаратилган тренинглар ўтказилди. Шунингдек, Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази томонидан электр, пайвандчилик, сантехника усталари, иссиқхона қуриш ва маҳсулот етиштириш йўналишларида касбий маҳорати оширилди.
“Жасорат мактаби” нинг тантанали ёпилиш маросимида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий армиямизда ҳам ўзининг ёрқин самараларини бераётгани, ушбу ўқув-йиғинида олинган билим ва кўникмалар ҳаёт мактаби вазифасини ўташи таъкидланди.

Сўнгра мини футбол бўйича вилоят ҳокими кубоги, ҳарбий спорт эстафетасида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони соврини, стол тенниси бўйича вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги, миллий кураш баҳслари давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи кубоги мусобақалари ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйини ғолиб ва совриндорларига диплом, кубок, медал, қимматбаҳо ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Ушбу тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Э.Салиев иштирок этди.

Тантанали тадбир оркестр садолари остидаги ҳарбий хизматчилар ҳамда “Жасорат мактаби” ўқув-йиғини иштирокчиларининг минбар олдидан саф тортиб ўтиши билан ниҳояланди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА