Ёшларнинг энг яхши ғоялари ғолиб бўлди
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида “Бизнесга биринчи қадам” стартап ғоялар танловининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят иқтисодиёт ва молия, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази ва бошқа ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган тадбирда 20 га яқин йигит-қиз ўз бизнес ғоясини тақдим этди.


Танловнинг тантанали очилиш маросимида сўнгги йилларда ёшларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг таклиф, ташаббус ва ғоялари муносиб рағбатлантирилаётгани ҳақида алоҳида сўз юритилди. Мустақил ҳаётга қадам ташлаётган йигит-қизларнинг ўз салоҳиятини кенг намоён этиши учун зарур шароит ва қулай имконият яратиб берилаётгани таъкидланди.
Бу жараёнда ёшларни муносиб иш ва даромад манбаи билан таъминлаш, замонавий касб-ҳунар ҳамда IT-технологияларни ўргатиш, тадбиркорликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳамиятлидир.


Танлов унинг шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган ёшлар таништирилиб, уларнинг тақдимотларига навбат берилди. Улар ўз ғояларини тақдим этиб, ҳакамлар ҳайъати ва томошабинларни турли соҳаларни ривожлантиришга қаратилган бизнес лойиҳалари билан таништирди.
Якунда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети магистранти Акбарали Турдиевнинг ҳайдовчисиз электротрактори юқори баҳоланиб, 60 миллион сўм пул билан тақдирланди. Денов тадбиркорлик ва педагогика университети 3-курс талабаси Дилноза Жумаеванинг онлайн саёҳат бизнес лойиҳаси 50 миллион сўм пул маблағи билан рағбатлантирилди. Вилоят ёшлар ишлари агентлиги IT координатори Аббос Хўшбоқовнинг “Аладдин Деливерй” хизмати орқали маҳсулот буюртма қилиш, етказиб бериш лойиҳаси учун 40 миллион сўмлик ваучер топширилди.


–Танловга тақдим этган ҳайдовчисиз электротракторнинг қулайлиги жудаям кўп, – дейди Акбарали Турдиев. –У биринчи навбатда электр қуввати билан ҳаракатланади, Тракторларни уй шароитида ҳам қувватлаш имконияти мавжуд. Шунингдек, ўзини ўзи қувватлантириш қобилиятига эга. Деҳқонга зироат экиш ва экинларни парваришлашда яхши кўмакчи бўлади. Бу лойиҳамиз ҳозир такомиллашиб бораётган технологиялар қаторидан жой олишига ишонаман. Чунки, сунъий интеллект асосида бошқарилади ва ҳайдовчига зарурат йўқ. Бир марталик қуввати билан сарфланаётган энергиясининг 30 фоизини қайта йиғиш имконияти мавжуд. Лойиҳани нуфузли ҳакамлар ҳайьати муносиб баҳолаб, рағбатлантиргани бизни янада кўпроқ изланиб, янги ғояларни илгари суришга ундади.
Танловда Сурхондарё вилояти ҳокими У.Қосимов иштирок этди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири