Ёшларнинг бизнес ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Дўстлик туманида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган, ўз бизнесини кенгайтиришни режалаштирган ҳамда соҳада турли муаммоларга дуч келаётган ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда туман ҳокими Ш. Дарвишев, Марказий ва тижорат банкларининг вилоят ҳамда туман бўлимлари мутасаддилари, 100 нафардан зиёд тадбиркорликка қизиқувчи ўғил-қиз иштирок этди.
Мулоқотда ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд молиявий имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Айниқса, фаолиятини энди бошлаётган ёш тадбиркорларга амалий кўмак кўрсатиш, бизнесни кенгайтиришда банк ва кредит хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга эътибор қаратилди.
Учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган савол ва таклифлари, шунингдек, фаолиятидаги мавжуд муаммолар юзасидан мутасаддиларга бевосита мурожаат қилди. Жами 39 та мурожаат ва таклиф эшитилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди. Жойида ҳал этиш имкони бўлган масалалар бўйича тушунтиришлар берилди, қўшимча муддат талаб этадиган мурожаатлар юзасидан масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.
[gallery-31544]
— Бундай очиқ мулоқотлар фаолиятини энди бошлаётган ёш тадбиркорлар учун муҳим имконият яратмоқда, - дейди ёш тадбиркор Сардор Эргашев. — Учрашувда бизнесимни кенгайтириш, кредит олиш ва банк хизматларидан фойдаланиш бўйича мутасаддилардан аниқ жавоб ва амалий ёрдам олдим. Асосий мақсадим — замонавий кўп қаватли уйларда сантехника ишларини сифатли йўлга қўйиш. Ажратилган кредит ҳисобидан зарур ускуналарни харид қилиб, тенгдошларим ва ишсиз ёшларни доимий иш билан таъминлашни ният қилганман.
Ёшларнинг янги ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай бизнес муҳитини яратиш, янги иш ўринлари ва барқарор даромад манбаларини кўпайтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА