Ёшларни қийнаётган масалалар муҳокама қилинди
Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» ғояси асосида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди. Сафарбарлик чақирув резервида ташкил этилган тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Қушаков, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Жасур Шодиев, Қарши давлат техника университети проректори Аброр Муртозоев ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи масъул ходимлари иштирок этишди.
Мулоқотда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, ватанпарварлик ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси масалалари хусусида фикр алмашилди.
Очиқ мулоқот давомида ёшларни қийнаётган масалалар, уларнинг таклиф ва ташаббуслари ҳам тингланди. Жумладан, Косон туманидан ҳарбий хизматга чақирилган оддий аскар Ҳикматилло Амируллаев Сафарбарлик чақирув резервидаги хизматни тамомлагандан сўнг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш тартиби ва яратилган имкониятлар ҳақида кенгроқ тушунтириш бериш масаласини кўтарди.
Шунингдек, ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида иш ярмаркаси ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашувда билдирилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлаш борасида амалий чораларни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир очиқ мулоқот руҳида ўтиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан атрофлича жавоб олишди. Бундай учрашувлар ёшларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятдаги фаоллигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири