Ёшларга яратилган шароитлар очиқ мулоқотда таҳлил этилди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати доирасида талаба-ёшлар учун яратилган шароитлар, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда эришилаётган ютуқлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда сўнгги йилларда таълим муассасасида талабаларнинг сифатли билим олиши, илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиши, хорижий тилларни пухта ўзлаштириши, инновацион лойиҳаларда иштирок этиши ҳамда спорт ва ижодий фаолият билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди.

Шу билан бирга, мазкур имкониятлардан самарали фойдаланаётган талабалар республика ва халқаро миқёсдаги танловлар, фан олимпиадалари, илмий лойиҳалар ҳамда нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритаётгани қайд этилди. Хусусан, филиалнинг 1-босқич магистранти Шаҳида Қарлибаева “Рақамли авлод қизлари” республика танловида ғолибликни қўлга киритиб, қўлга киритган йўлланма асосида айни кунларда Хитой Халқ Республикасида ташкил этилган таълим саёҳатида иштирок этаётгани алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, филиал талабалари томонидан илм-фан, инновация, спорт, маданий-маърифий ва жамоатчилик соҳаларида республика ҳамда халқаро миқёсда қўлга киритилган қатор ютуқлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан филиалда таълим сифати, халқаро ҳамкорлик, илмий фаолият, талабаларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар юзасидан қатор саволлар ўртага ташланди. Барча саволларга масъуллар томонидан атрофлича жавоб берилиб, фикр ва таклифлар юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди.

Учрашув давомида таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни жамоатчиликка тезкор, холис ва ҳаққоний етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, таълим муассасаси билан оммавий ахборот воситалари ўртасидаги самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан олий ўқув юрти фаолиятини холис, тезкор ва профессионал ёритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари филиал раҳбарияти томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.