Ёшларга тикув машиналари ва мотокультиваторлар берилди
Мамлакатимизда “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, хусусан, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, доимий даромад манбаини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Андижон вилояти Балиқчи туманида ҳам мазкур йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жорий йилнинг ўтган даври давомида тумандаги 14-30 ёшли, “Ёшлар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 7 минг 327 нафар йигит-қиз турли йўналишларда давлатимиз томонидан ажратилган ёрдамларни қабул қилиб олди.
Туманда “Уйчи тажрибаси” асосида маҳалла ёшлар етакчилари томонидан 10 минг нафардан ортиқ ёш хатловдан ўтказилиб, ишсиз, кўмакка муҳтож ёшларнинг рўйхати шакллантирилди. Хатлов жараёнида ёшларнинг 146 нафари кўмакка муҳтож эканлиги аниқланиб, уларнинг 27 нафарига субсидия асосида тикув машинаси ҳамда мотокультиватор берилди.
[gallery-20383]
Туман сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ташкил этилган тадбирда сўз олган туман ҳокими Жасурбек Абдурайимов мамлакатимизда, хусусан, Балиқчи туманида ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.
– Маҳалламизнинг ёшлар етакчиси кўмагида менга замонавий тикув машинаси берилди, – дейди тумандаги Серқуёш маҳалласида яшовчи Дурдона Расулова. – Энди ўз хонадонимда тикувчилик билан шуғулланиб, даромад топиш имконига эга бўлдим. Кўрсатилган эътибор учун аввало, Президентимизга, мана шу ишга ўз ҳиссасини қўшган барча мутасаддиларга раҳмат айтаман.
Туманда ишсиз ва кўмакка муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби ишлар давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.