Ёшларга оид ишлар рейтинг тизими доирасида баҳоланади
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида юқори палатанинг навбатдаги ялпи мажлисининг кун тартибидан ўрин олган “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.
Ҳужжатнинг 16-моддасида бошқа товар рекламасида қўлланиладиган ёки видео ва кино маҳсулотларида, шунингдек, бошқа илм-фан, адабиёт ва санъат асарларида (муаллифлик ҳуқуқи), эфир ёки кабель орқали кўрсатувлар (эшиттиришлар) берувчи ташкилотларнинг ижроларида, фонограммаларида фойдаланиладиган умумий ечимни, матнни, тасвирни, мусиқали ёки овозли эффектларни айнан такрорлашга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Сенаторлар мазкур норманинг ғоят долзарблигини қайд этдилар. Чунки аксарият ижодкорларнинг асарларидан, фильмлардаги матнлардан реклама жараёнида рухсатсиз фойдаланилади. Бу масала сенаторлар томонидан танқид остига олинди, бу каби ҳолатларга эндиликда қонунан чек қўйилиши таъкидланди.
Мажлисда Сенат томонидан амалиётга жорий этилган ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда олиб борилиши бўйича рейтинг тизими доирасида амалга оширилган ишлар ҳам муҳокама этилди. Бу борада ишчи орган сифатида Ёшлар ишлари агентлиги раҳбариятининг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, рейтинг баҳолашга кўра, энг юқори натижа кўрсатган 3 та (1, 2 ва 3-ўрин) ҳудуд раҳбари ҳамда уларнинг ёшлар масалаларига масъул бўлган ўринбосарларини моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш тартиби, ҳудудларни индикаторлар асосида рейтинг баҳолаш методикаси ишлаб чиқилган.
Рейтинг баҳолашга кўра энг юқори натижа кўрсатган ҳудудда 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ёшлар ва талабалар форуми ташкил қилиниши таъкидланди.
Якунда кўрилган масалалар бўйича қарорлар қабул қилинди.
Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг ҳам мажлиси ўтказилди. Унда “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда қўмитанинг 2020-2021 йиллардаги фаолияти ҳам муҳокама этилди.
Қўмита томонидан ҳисобот даврида қонунчилик ва парламент назорати фаолияти доирасида вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг 2 марта ҳисоботи, 11 марта ахбороти эшитилган. Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ҳам ишлар олиб борилди. Ҳисобот даврида Сенатга келиб тушган 2800 дан зиёд мурожаатлар кўриб чиқилган.
Муҳтарама Комилова, ЎзА