Ёшларга ажратилган ерлар самара бера бошлади
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан ҳудудларда туман захирасидаги сувли ерлар узоқ муддатга ишсиз ёшларга ижарага бериладиган бўлди.
Ажратилган ерларда ёшлар меҳнат қилиб, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштирди ва бу ўзининг ижобий сарасини бера бошлади.
Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида ёшларга ажратиб берилган унумдор ерларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
Қамаши тумани “Баландчайла” МФЙда яшовчи Акмал Юлдошев ҳам ҳали 30 га тўлмаган. Ёш бўлишига қарамай рўзғор ташвиши бошига тушгач, пул топиш илинжида оила бағридан узоқда, хорижда ишлаб юрарди. Ёшларга ер ажратилаётганини эшитиб, маҳалла етакчисига учрашди ва ерли бўлди. Ажратилган ерга помидор экди. Агротехник тадбирларни вақтида бажарди. Ҳосил пишгач илк даромадини ола бошлади. Ярмаркага ҳам ўзи етиштирган маҳсулотлардан келтирди.
– Ажратилган 50 сотих ерга “ложайн” навли помидор кўчатини экдик, –дейди А.Юлдошев. – 35 минг туб кўчат экканмиз. Оилавий меҳнат қилдик. Бугунги кунда помидорнинг килограмини 2500 сўмгача сотяпмиз. Мавсум якунлангунча 70 миллион сўмга яқин даромад олишни мўлжаллаб турибмиз. Шукр, фойдамиз яхши. Харидорларнинг ўзи даланинг бошига келиб маҳсулотимизни олиб кетяпти. Бозор деб овора бўлмаймиз. Ўз юртингда меҳнат қилиб, яхши даромад топиб, оиланг бағрида бўлганингга нима етсин. Ёшларга яратиб берилган бундай имкониятлардан бошимиз кўкка етди.
Таъкидлаш лозимки, маълумотларга кўра, Қашқадарё вилояти ҳокими томонидан тасдиқланган жадвалга асосан 6 минг гектар ер майдонлари 7 минг 584 нафар ёшга ажратилиши режалаштирилган. Ушбу топшириқ ижроси юзасидан, маҳаллаларда деҳқончилик қилиш мақсадида ер олиш истагида бўлган 7 минг 911 нафар ёшнинг рўйхати шакллантирилган.
[gallery-18690]
Маҳалла еттилигининг тавсияномасига асосан “Assistant.e-auksion.uz” электрон платформасига 10 минг 276 нафар ёш киритилган. Шундан, бугунги кунга қадар 6 минг 713 нафар ёш 4 минг 936 гектар ер майдонларини онлайн аукцион орқали ютиб олишган. Ҳозирги вақта 1 минг 64 гектар ер майдони аукцион савдоларига чиқарилган. Бундан ташқари, 4 минг 62 нафар ёшга 2 минг 745 гектар ғалладан бўшаган ер майдонлари такрорий экин экиш учун ажратилган.
Бугун ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб, рўзғорига миллионлаб даромад олиб кираётган ёшлар сони тобора ормоқда. Ярмарка иштирокчиларидан бири миришкорлик Акмалжон Рўзимуродов ҳам мана шундай имкониятлардан самарали фойдаланган ёшлардан. У билан суҳбатлашарканмиз, ёшларга қаратилаётган эътибордан мамнун эканлигини таъкидлайди.
– Менга бир гектар ер ажратилди, – дейди А.Рўзимуродов. – Унга тариқ экдим. Сабаби беданачиликни йўлга қўйганман. Ҳозирги кунда 2 мингта беданам бор ва улардан кунига 1 минг 600 донагача тухум оламан. Бу эса кунига 1 миллион 200 минг сўмгача даромад дегани. Албатта, беданаларим учун озуқа керак. Ёшларга ер ажратилгани айни муддао бўлди. У ерда беданаларим учун озуқа етиштиряпман. Илгари емини сотиб олардим. Энди ўзимизда етиштиряпмиз. Бу эса даромаднинг икки ҳисса ошишига хизмат қилмоқда.
Ярмаркада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг савдоси ҳам ташкил этилдики, бу унда иштирок этган ёшларнинг даромади янада ошишига имкон яратди.
– Ярмаркада ўзимиз етиштирган деҳқончилик маҳсулотлари билан иштирок этяпмиз, – дейди Мадамин Хушвақтов. – Тажрибали деҳқонлардан маслаҳат олиб мош етиштирганмиз. 2 тонна мош олдик. 25 миллион сўм даромад қилдик. Ўрнига полиз экинлари экканмиз. Кеч кузда буғдоз экамиз. Бизга шу ерни ишониб беришди. Албатта, ишончни оқлаймиз. Илгари хорижда ишлаб юрардим. Бунақа имкониятлардан ҳурсандмиз.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси “Раҳбар ва ёшлар” учрашувига уланиб кетди.
Унда вилоят ҳокими Муротжон Азимов ва Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаевлар ёшлар билан мулоқот қилди.
Раҳбарлар вилоятимиз ёшлари билан самимий суҳбат қилган ҳолда Президентимиз томонидан юртимиз, хусусан, Қашқадарё ёшлари учун яратилаётган имкониятлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Ёшларнинг таклиф ва муаммолари ҳам тингланиб, ечими бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари